Жаҳон | 09:49 / 19.06.2020
27587
2 дақиқада ўқилади

Путин устидан судга шикоят қилинди

Фото: Alexei Nikolsky via Reuters

Россия коммунистик партияси депутатлари Евгений Ступин ва Олег Шереметьев, сиёсатшунос Валерий Соловей ва ҳуқуқшунос Сергей Бочаров Россия Олий судига президент Владимир Путиннинг фармонини ноқонуний деб тан олиш талаби билан ариза топширишди. Гап Путиннинг конституцияга киритилиши таклиф қилинаётган тузатмалар бўйича 1 июлда овоз бериш ўтказилиши ҳақидаги фармони ҳақида бормоқда.

Арзчиларнинг таъкидлашича, пандемия шароитида овоз беришни ўтказиш жиноятдир.

“Бунга сабаб - мағлуб этилмаган вирусдан ҳар куни ўнлаб, баъзида юзлаб одамлар ўлмоқда. Бундай шароитларда овоз беришни ўтказиш жиноятдир. Путин фармонининг бекор қилиниши кўплаб ҳаётларни сақлаб қолади”, деб ёзган Facebook’да даъво аризаси муаллифларидан бири.

Олий судга шундай мазмундаги шикоят билан яна бир россиялик, Киров областининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти” раҳбари Геннадий Рудяк ҳам мурожаат қилган. 16 июнда унинг аризаси рўйхатга олиниб, судьяга топширилган. Унда жавоб берувчи сифатида Владимир Путин кўрсатилган. Бироқ олий суд Рудякнинг аризасини қабул қилишни рад этган.

14 март куни Путин конституцияга бир неча ўн тузатишлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолаган. Ҳужжат конституциявий суд томонидан маъқулланган. 1 июлда таклиф қилинаётган тузатмалар бўйича умуммиллий референдум ўтказиш белгиланган. Тузатмалардан энг муҳими Путинга президент лавозимига яна номзодини илгари суришга ва ҳокимият тепасида 2036 йилгача қолиш имконини беради.

Охирги маълумотларга кўра, Россияда коронавирусга чалинганлар сони 561 мингдан ошиб кетди, ундан 7660 киши вафот этган, 313 мингдан кўпроқ киши соғайиб кетган. 

Мавзуга оид