Апрел ойи бошида Буюк Британия ва Францияда истиқомат қилувчи бир гуруҳ ўзбекистонликлар ташаббуси билан «Ўзбекистон билан бирга» акцияси ташкил этилган эди.

Эндиликда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ушбу акцияни қўллаб-қувватлаш учун грант ажратадиган бўлди.

Акциядан мақсад – пандемияга қарши курашда Ўзбекистондаги тиббий муассасалар ва аҳолининг кам таъминланган қисмига ёрдам бериш учун хайрия маблағлари тўплашдир.

«Эзгу Амал» хайрия жамғармаси ушбу акция юзасидан 19 июнь куни Zoom орқали матбуот анжумани ўтказди. Унда лойиҳа ташаббускорларидан бири Шерзод Зуфаров қуйидаги маълумотларни келтириб ўтди.

«Апрелда Францияда бошланган хайрия акцияси доирасида ҳозирги кунгача Европа, АҚШ ва Канадада яшовчи ватандошларимиз ёрдами билан 24 минг фунт (30 минг доллардан ортиқ) хайрия маблағлари тўпланди.

Ушбу маблағларни тўплаш мақсадида акция ташкилотчилари томонидан ўзбек рақс санъати ва миллий таомларини тайёрлаш борасида бир қанча маҳорат дарслари ташкиллаштирилди. Бу каби тадбирлар яна давом этяпти.

Маблағ асосан онкологик касалликларга чалинган болалар, шифохоналар моддий-техник базасини шакллантиришга ва муҳтож оилаларга йўналтирилади.

Бериладиган кўмак пул кўринишида бўлмайди. Масалан, бемор болаларга керакли дори воситаси, шифохоналарга керакли жихозлар харид қилинади. Аҳолига эса ёрдам озиқ-овқат маҳсулотлари кўринишида берилади.

Акцияда жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистонда истиқомат қилувчилар ҳам иштирок этиши мумкин. Бунинг учун хайрия пулини GoFundMe онлайн платформаси орқали юбориш мумкин.

Ёрдамни «Эзгу Амал» жамғармасининг махсус ҳисоб рақамига ҳам юбориш мумкин. Хайрия акцияси давомида йиғилган маблағларни икки ҳисса кўпайтириш учун ЕТТБ 50 минг еврогача ажратишга тайёр», – деди Зуфаров.

Маълум қилинишича, ЕТТБ акция доирасида қанча сумма йиғилса, худди шунча хайрия маблағи (50 минг еврогача) ажратишга тайёрлигини билдирган.