– Ўтган йили президент мактаблари қабули бўйича ота-оналардан бир қатор эътирозлар тушган. Масалан, президент мактабларида ўқишни хоҳлаган болаларнинг баҳоси тўлиқ «5» бўлиши талаб қилинганди. Айрим ўқувчилар эса баҳолари аъло бўлиши учун эмас, фақат билим олиш учун ўқишади. Шундай вазиятда айрим болаларнинг билими яхши бўлса-да, «5» баҳолари бўлмагани туфайли президент мактабида ўқиш имконияти чегараланиб қолмайдими?

– Йўқ, президент мактабларида ўқишни хоҳлаганлар учун ҳар бир фандан баҳолари «5» бўлиши лозим, деган талаб қўйилмаган. Фақат STEAM йўналишидаги фанлардан баҳолар «5» бўлиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Сабаби бу турдаги ихтисослаштирилган мактабларга энг иқтидорли болаларни саралаб олиш режалаштирилган.

Тўғри, айрим ота-оналар болаларини маълум фанларга йўналтириб, фақат ўша фанларни чуқурроқ ўзлаштиришга рағбатлантиришади. Бироқ ҳужжатлар қабул қилинишида ўқувчиларнинг фақат STEAM йўналишидаги фанлардан аъло баҳоларга ўқиганлиги текширилган. Бошқа фанлардан қандай баҳолар мавжудлиги эса аҳамият касб этмаган.

Ҳозир амалда бўлиб турган тартибга кўра, кейинги йиллардаги қабулларда ҳам бунга эътибор берилади, яъни номзодларнинг STEAM йўналишидаги фанлардан баҳолари аъло бўлиши шарт.

– Ўтган йилги имтиҳонларда «Listening» (Эшитиш) кўникмасини текшириш борасида бир қанча эътирозлар бўлган. Масалан, павильонларнинг катталиги сабабли акустик муаммолар бўлган. Бу борадаги эътирозлар инобатга олинган ҳолда кейинги имтиҳонларда камчиликларнинг олдини олиш учун ҳаракат қилинадими? Масалан, болаларнинг ҳар бирига қулоқчин тарқатишнинг имкони бордир?

– Ўтган йилги имтиҳонларда ҳам Ўзбекистонда мавжуд энг яхши технологиялар ишлатилган эди. Фақат ўқувчиларниг жуда кўп сонли эканлиги туфайли имтиҳон вақтида айрим муаммолар кузатилган.

Ҳозир Cambridge assessment билан бу муаммони ечиш устида иш олиб бориляпти. Ва айтишим мумкинки, кейинги йил имтиҳонларида «Listening» кўникмасини аниқлаш синовида бундай камчиликлар кузатилмайди. Қулоқчин тарқатилмаса ҳам, муаммони ҳал қиладиган муқобил вариант топилади.

– Эътирозлардан бири президент мактабларининг расмий веб-сайтида синфлар кесимида имтиҳон учун тушадиган саволлардан намуналар берилмагани билан боғлиқ. Бу йўналишда савол намуналари тақдим этилмаслигининг сабаби нима?