Ўзбекистон | 17:23 / 23.06.2020
24482
2 дақиқада ўқилади

Turkish Airlines’га Ўзбекистонга парвозларни тиклашга рухсат берилмаган – Транспорт вазирлиги

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Turkish Airlines Ўзбекистонга мунтазам рейсларни тиклашини эълон қилгани, аммо бу амалга ошмагани бўйича изоҳ берди.

Фото: Head Topics

«Хорижий давлатлар авиакомпанияларининг Ўзбекистонга доимий қатновларини йўлга қўйиш масаласи эпидемиологик вазиятга боғлиқ бўлиб, қайси давлатлар билан авиақатновлар тикланса, бу ҳақда расмий хабар берилади.

Turkish Airlines ва Air Astana 1 июлдан Ўзбекистонга мунтазам парвозларни тиклаш бўйича ўзларининг режаларини эълон қилишди. Лекин айни пайтда Ўзбекистонга мунтазам парвозларни амалга ошириш бўйича бирорта авиакомпанияга расман рухсат этилмаган», дейди вазирлик расмийси.

Айни вақтда юқорида номлари келтирилган авиакомпаниялар Ўзбекистонга авиақатновлар ҳақидаги эълонларини ўчириб ташлаган.

Эслатиб ўтамиз, 20 июнь куни Туркиянинг Turkish Airlines халқаро авиакомпанияси сайтида 1 июлдан Истанбул–Тошкент авиарейслари қайта йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, самолётлар ҳафтасига тўрт марта: Истанбулдан Тошкентга сешанба, чоршанба, шанба ва якшанба кунлари, Тошкентдан Истанбулга эса душанба, сешанба, жума ва шанба кунлари қатновларни амалга ошириши айтилганди.

Маълумот учун, Республика махсус комиссияси қарорига кўра, коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган (қизил рейслар — эвакуация рейслари) давлатлар, шу жумладан, БАА, Туркия, Эрон, Афғонистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатларидан кириб келган шахслар 14 кун давомида карантин назоратида сақланади.

22 июнь куни Транспорт вазирлиги хориждаги фуқароларни Ўзбекистонга олиб келиш учун яна 21та рейс амалга оширилишини маълум қилди. Жумладан, 26 ва 29 июнь кунларида Тошкент–Истанбул–Тошкент йўналишида парвозлар амалга оширилади.

Мавзуга оид