Ҳалол косметика нима? Маҳсулот таркибининг ўзига хосликлари ва ишлаб чиқаришнинг ахлоқий тамойиллари

Ҳалол – бу маҳсулот таркибида тақиқланган ингредиентларнинг йўқлиги бўлибгина қолмай, балки у бутун бир фалсафадир. Ҳалол косметика ишлаб чиқарувчилари: «Одамлар бемулоҳаза истеъмолчилар эмас, балки ўсимликлар ва ҳайвонлар сингари табиатнинг табиий қисмидир», деган постулатдан келиб чиққан ҳолда, инсонлар гўзаллиги ва уларнинг ўраб турган дунёга ғамхўрлик қилишни биринчи ўринга қўядилар.

Косметикани танлашда таркибни диққат билан ўрганиб чиқиш лозим. Ҳатто органик (натурал) косметика ҳам ҳар доим ҳалол бўлавермаслигини ёдда тутиш керак.

Органик косметикани яратишда консервантлар, пестицидлар, кимёвий ўғитлар, антибиотиклар ва ГМО (генетик модификация организмлар)лардан фойдаланилмайди. У фақат табиий компонентлардан тайёрланади. Бу ҳеч қандай зарарли кимёвий моддалар организмга кирмаслигини таъминлайди.

Диний кўрсатмаларга риоя қилмайдиган, аммо экологик тоза косметик воситаларни қидираётган истеъмолчилар учун шунинг ўзи етарли. Ягона салбий жиҳат – табиий компонентларга нисбатан аллергия бўлиши мумкин.

Ҳалол косметика таркибида қатъий равишда этил спирти ва ҳайвонларнинг ёғлари бўлмайди. Таркибга бундай ёндашув Ислом талабларига кўра белгиланган.

Ҳалол косметик воситаларнинг асосий истеъмолчилари шариат қоидаларига риоя қиладиган мусулмонлар бўлиб, улар фақат жоиз бўлган маҳсулотлардан фойдаланадилар.

Қоидаларга кўра, мусулмонларга доривор ва гигиена воситаларидан уларнинг таркибида тақиқланган ингредиентлар, масалан, чўчқа ёғи, ҳайвонлар ва ҳашаротлар экстрактлари (улар кўпинча бўёқ сифатида ишлатилади) мавжуд бўлмаган тақдирда сочлар, юзлар ва тана терилари учун фойдаланишга рухсат берилган. Шариатдаги асосий нарса бу – маҳсулотнинг диний жиҳатдан тозалигидир.

«Ҳалол» белгили маҳсулотларни сотиб олишга ҳаракат қилиш керак

Россияда аллақачон Ислом кўрсатмаларига мувофиқлик сертификатидан ўтган бир қатор ишлаб чиқарувчилар мавжуд. Мусулмон мамлакатларида ишлаб чиқарилган косметик воситаларни сотиб олиш мумкин, аммо бу маҳаллий муқобилларга қараганда қимматроқ бўлади.

Косметика маркасида «Ҳалол» сертификатининг йўқлиги унинг маҳсулотларини автоматик равишда мусулмонлар учун зарарли ва ножоиз деб ҳисоблашга сабаб бўлмайди. Кўпгина компаниялар текширилган хомашёлардан юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарадилар, аммо этил спирти ва ҳайвонларнинг ёғларини (айниқса чўчқа ёғи) ишлатадиганлари ҳам кўплаб учраб туради.