Биласизми, ҳозир бироз бошқача давр. Янгилик ва фикр етказиш формати, услуби, эркинлиги шу қадар ўзгартирдики, уни бир қолипга солиб бўлмайди. Бир томондан баҳолаб бўлмайди. Бу ўз навбатида осон, ҳам қийин давр. Энди қандай ёзиш, ўқувчиларни жалб қилиш, қандай услуб танлашдан ҳам кўра, муқаддас ўлчовларни ушлаш, унга амал қилиш орқали бу соҳани тозароқ, холисроқ, эркинроқ ушлаб туриш мумкин.

Соҳада қалам тебратаётган аксарият журналистлар шу соҳада ўқимаганлар, университет парталарида ўтирмаганлар. Демак, профессионал, уста журналистларнинг масъулияти янада катталашади – энди улар ўз фаолиятлари орқали ўрнак бўлишлари, журналистларга журналистикани ўргатишлари керак бўлади.

Футбол, умуман спорт журналистикаси ҳақида гап кетганда, устозим Хайрулла Ҳамидовни алоҳида эътироф этаман. Негалигини қуйида тушунтираман.

Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар» билан ўзбек романчилигига асос солмаганида ҳам барибир, бир кун илк роман ёзилиши муқаррар эди. Чунки абадий муҳит бу учун шароит яратиб бўлган, ўқувчи янгилик учун тайёр палла келганди, менимча. Аммо бу Қодирийнинг хизматларини камситмайди, албатта, айнан у - кўпчилик ҳайиқиб турган бир даврда, бу соҳада илк қадамни ташлай олган адиб...

Худди адабиёт сингари, футбол шарҳловчилиги ҳам, журналистикаси ҳам турли даврларда ўзига хос ўзгаришларни бошдан кечиргани шубҳасиз. Чунки жамият ривожланади, шакл ва услуб ўзгаради, ўз-ўзидан одамлар янгиликларга тайёр бўлиб бораверади. Аммо журналистиканинг бу ўзгаришларга ўз вақтида реакция бера олиши учун алоҳида бир шахсиятларга, қайсидир маънода ўз «қодирийлари»га таянишини эътироф этган бўлардим.

Мисол учун, рус шарҳловчи Василий Уткинни олайлик. Ҳаммамиз ҳам ўз вақтида рус шарҳловчилик мактаби билан таниш бўлганмиз, ҳозир ҳам бефарқ эмасмиз. Озеров, Перетурин, Маслаченко каби эски авлод билан бугунги Генич, Стогниенко ёки ёши катта бўлса-да, янги авлод вакили бўлган Розановлар ўртасида Василий Уткин туради.

Тенгдошларидан фарқли равишда, айнан Уткин ўзгариш пайти келганини ҳис қила олган, ўша пайтларгача борилмаган чегараларни бузган, қайсидир маънода шарҳловчилик ва умуман спорт журналистикасининг янги даврига асос солишга муваффақ бўлганди.

Ўзбек футбол шарҳловчилиги ёки журналистикаси ҳақида гап кетганда, Хайрулла Ҳамидовни мана шундай мактаб асосчиси деб биламан. 90-йилларда ёзма журналистика, нолинчи йиллар бошида шарҳловчилик касбига кириб келган Хайрулла Ҳамидов ўша чегараларни илк бор босиб ўтган, ўзи билибми-билмайми, ўзидан олдинги ва кейинги журналистика ўртасида кўприк вазифани ўтаганди. Хабар етказишнинг янги даври, энг муҳим фарқ, энди ёзувчи ва ўқувчи ўртасида мулоқот ҳосил бўлишни бошлаган, бу мулоқотнинг ўзи ҳам алоҳида бир матбуотга айланишни бошлаган паллаларда Хайрулла Ҳамидовнинг услубига талаб пайдо бўлганди.