Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Дилшод Саиджонов журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларни табриклади.

«Бугун биз касб байрамимиз — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини нишонлаяпмиз. Ҳаммамиз учун муҳим бўлган бу кунда биз ушбу фидойи, мураккаб, масъулиятли ва олижаноб касб вакилларини шарафлаймиз.

Бир асрдан зиёд вақт аввал, 1906 йилнинг 27 июнида ўзбек тилидаги илк газета бўлмиш «Тараққий»нинг биринчи сони олам юзини кўрди. Айнан шу тарихий сана мустақил Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонлана бошланди.

Бу касб байрами сўнгги йилларда янгича мазмун касб этди. Президент Ш.Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, унинг халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш ғояси натижасида давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланиб, бу Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегиясининг устувор йўналишига айланди.

Шу муносабат билан, ўтган даврни таҳлил қилар эканмиз, ишонч билан айтиш мумкинки, журналистлар ва блогерлар мамлакат ҳаётининг ажралмас қисмига айланди, аҳоли орасида уларнинг нуфузи ошди, таниқли исмлар ва тахаллуслар пайдо бўлди. Бу эса уларнинг ҳақиқий журналистика кучини борган сари кўпроқ ҳис қилаётган кўп миллионли аудиториянинг ҳурмати ва эҳтиромига сазовор бўлаётганидан дарак беради. Бу куч ҳеч кимга хотиржамликка берилишга йўл қўймаяпти, доим воқеа-ҳодисалардан хабардор ва давлат органларига жамият олдидаги вазифаларини мунтазам эслатиб турибди. Бу, шубҳасиз, катта ютуқ ва шу билан бирга Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосидир!

Давлат раҳбарининг белгилаб берган йўналиши мамлакатда шаклланаётган фуқаролик жамиятининг муҳим қисмига айланган нодавлат интернет-журналистика ва блогерликнинг жадал ривожланишига сабаб бўлди. Бугун уйқудан уйғонишимиз билан ижтимоий тармоқ ва мессенжерларга киришга ошиқамиз, ҳаётимизни реал вақт режимидаги янгиликлар ва постларсиз, матбуот ва электрон нашрлардаги долзарб мақолалар, ижтимоий тармоқлардаги қизиқарли, танқидий ва фикрлашга ундовчи материалларсиз тасаввур эта олмаймиз.

Алоҳида таъкидлашни истардимки, оммавий ахборот воситаларининг асосий эътибори инсон, унинг кундалик ҳаёти, ўй-хаёллари, қизиқишлари, орзу ва мақсадларига қаратилган. Бу мамлакатимизда етук, фуқаролик ва прогрессив фикрловчи журналистиканинг шаклланиши нуқтаи назаридан жуда муҳимдир», - деб ёзади у.

Д. Саиджоновнинг қайд этишича, нафақат расмий ахборотнинг бирламчи манбаси, балки фуқаролар ўзини қизиқтирган маълумотни олиши мумкин бўлган ресурс бўлишга интилаётган давлат органлари ахборот хизматлари ҳам ОАВ ва блогерлардан қолишмаяпти.