Forbes Россиядаги менежерларга энг кўп маош тўлайдиган компаниялар рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, Россиядаги энг сахий 25 компания топ-менежерларига тўлайдиган маблағнинг умумий миқдори йилига 60 миллиард рублни (салкам 1 миллиард доллар) ташкил этади.

«Президентнинг маоши ҳам унча катта эмас», деган эди Путин 2020 йил бошида ўзига «Ойига 10 800 рублга (150 доллар атрофида) кун кечириб бўладими?» деб берилган саволга жавоб бера туриб.

«Коммерсантъ» нашрининг ёзишича, мамлакатдаги биринчи шахснинг иш ҳақи ҳақиқатан йирик компаниялар раҳбарлари ва топ-менежерлар оладиган иш ҳақи олдида жуда камтарона кўринишда.

Шу сабабли, сўнгги пайтларда топ-менежерлар маошини қисқартириш ҳақида қонун қабул қилиш лозимлиги ҳақида турли таклифлар билдириляпти. Масалан, Россия компанияларини бошқараётган топ-менежерларнинг иш ҳақини қонуний равишда Россия бош вазири олаётган иш ҳақининг уч баробари миқдорича қисқартириш таклиф этилмоқда. Ўшанда топ-менежерларнинг йиллик даромади 30 миллион рубллик миқдордан ошиб кетмайди. Шунингдек, айрим топ-менежерларнинг ўзи ҳам иш ҳақига чегара қўйилишига розилигини билдирган.

2019 йил давомида директорлар кенгаши ва бошқарув кенгаши аъзоларига 4,4 миллиард рубль миқдорида ҳақ тўлаган ВТБ банки топ-менежерларнинг иш ҳақи чекланадиган қарор қабул қилинишига ишонмайди. Forbes нашри қўлга киритган изоҳларга кўра, коронавирус пандемияси туфайли ёмонлашаётган иқтисодий шароитлар сабаб иш ҳақи тўловларининг ҳозирги ҳолати мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ВТБ банки директорлар кенгаши 2019 йил учун тўланадиган дивидендлар миқдорини белгилаганидан сўнг бир қарорга келинади.

2019 йил май ойида SSJ 100 самолётининг ҳалокати туфайли «Аэрофлот» топ-менежерлари ўтган йил давомида ўз иш ҳақига қўшиб тўланиши лозим бўлган бонусларни олишмаган. Авиакомпаниянинг ўтган йилги ҳисоботида асосий бошқарув ходимларига 2,1 миллиард рубль миқдорида иш ҳақи ва мукофотлар тўлангани қайд этилган. Бунда нафақат компания раҳбарлари, балки ердаги ва ҳаводаги ходимлари ҳам назарда тутилган.

Юқоридаги маблағнинг қанчаси ҳануз уни олувчиларга етиб бормагани ҳисоботларда яширилмаяпти. Бироқ 2019 йил 25 июнда авиакомпания ҳиссадорлари йиғилишида «Аэрофлот» бош директори Виталий Савелев юқори даражадаги топ-менежерлар фалокат юз берганда ўз иш ҳақига қўшиб тўланадиган бонусларни йўқотиши мумкинлиги ҳақида гапирган. Яъни, у ўтган йил май ойида рўй берган авиаҳалокат туфайли менежерларга иккинчи чоракдан йил охиригача бонуслар берилмаслигини айтган.