Жаҳон | 14:31 / 30.06.2020
18619
2 дақиқада ўқилади

Алмазбек Атамбоевга зотилжам ташхиси қўйилди

Шифокорлар консилиумида Атамбоевни стационар даволаниш учун касалхонага ўтказишга қарор қилинган.

Фото: kenesh.kg

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевда зотилжам аниқланганлиги сабабли стационар даволаниш учун давлат хавфсизлик қўмитаси изоляторидан касалхонага ўтказилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

"29 июнь куни Атамбоев ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят қилди ҳамда ундан COVID-19га таҳлил олинди, натижа манфий. Шу куни шифокорларнинг онлайн консилиуми ўтказилганидан сўнг унга икки томонлама зотилжам ташхиси қўйилди", - дейилади хабарда.

Шифокорлар консилиумида Атамбоевни стационар даволаниш учун касалхонага ўтказишга қарор қилинган.

Қайд этилишича, Атамбоев охирги ҳафталарда адвокатлари ва қариндошлари билан бир неча марта учрашган, улар унга атайлабдан қоғоз ва буюмлар беришган.  

"Расмий маълумотларга кўра, Атамбоевнинг адвокати Замир Жоошевда вирусли инфекциянинг айрим аломатлари аниқланган бўлиб, унинг яқин қариндоши Иссиқ-Ота туманидаги касалхонада COVID-19 аломатлари мавжудлиги сабабли даволанмоқда", - дейилади қўмита хабарида.

23 июнь куни Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев жиноятчи Азиз Батукаевни пора эвазига қамоқдан чиқарган деб топилиб 11 йил-у 2 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Мавзуга оид