Мулоқотда илм-фан ва инновациялар бўйича Ўзбекистон-Исроил муносабатларида эътибор қаратиладиган устувор йўналишлар муҳокама қилинди.

«Элчилик фаолиятимда авваламбор таълимга, инновацияларга эътибор бермоқчиман. Чунки таълимсиз ҳеч нарса мавжуд бўлмайди. Таълим – келажакка қадамлар учун биринчи калитдир.

Шунингдек, бизга керакли соҳаларга Исроилнинг энг илғор мутахассисларини жалб этамиз. Биринчи навбатда, қишлоқ ва сув хўжалиги – сув ресурсларини бошқариш, ўзлаштириш, унумли фойдаланиш бўйича мутахассисларни жалб қилишимиз керак.

Афсуски, мутахассисларимиз ҳали замонавий билимларга эга эмас. Исроилдан ёки бошқа давлатдан технологияларни, билимларини сотиб олсак, масалага 1-2 кунга ечим топармиз, лекин қачонгача уларнинг оғзига қараймиз? Масалага стратегик қараш керак», – деди Феруза Маҳмудова.

Ўзбекистонга Нобель лауреатларини жалб қилиш – Исроил билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири

Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов икки давлат ҳамкорлиги Ўзбекистонда стартап экотизимини ривожлантиришга йўналтирилиши кераклигини таъкидлади.

«Ҳозирда Ўзбекистон бўйича стартапчиларнинг сони кўп эмас – 50тача атрофида. Исроилда эса 10 мингдан ортиқ стартап бор. Бу уларнинг иқтисодиётига катта ёрдам беряпти. Шундай экотизимни биз ҳам Ўзбекистонга олиб келишни ўйлаганмиз.

Ўзбекистон–Исроил ҳамкорлигининг асосий йўналишларидан бири – мамлакатимизга Нобель мукофоти лауреатларини кўпроқ жалб қилиш.

Илгари уларнинг Ўзбекистонга ташрифлари бўлмаган. 1978 йилда Лайнус Полинг келган холос. Ўтган 3 йилда уч нафар Нобель лауреати –Япониядан, Туркиядан, Исроилдан келди.

Нобель лауреатларини Ўзбекистонга кўпроқ жалб қилиш борасида ёрдамингизни кутиб қоламиз. Уларни қабул қилиб, маҳорат дарслари ташкиллаштиришга тайёрмиз», – деди Иброҳим Абдураҳмонов.

Технологиялар трансфери

Учрашув давомида вазир Исроилдан Ўзбекистонга қилинган технологиялар трансфери ҳақида тўхталиб ўтди.