Даставвал, Ички ишлар вазирлиги академияси фаолияти борасида бизни қизиқтирган саволлар билан академия раҳбари, генерал-лейтенант Баҳодир Аҳмедович Матлюбовга юзландик. Қуйида ушбу суҳбатнинг мазмуни билан танишишингиз мумкин.
Қабул жараёни, бу йилги ўзгаришлар ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академияси тизим учун кадрлар етказиб берувчи ягона ўқув юрти ҳисобланади. Академияда қабул масаласи охирги 10 йил ичида бир неча маротаба ўзгарди. 2004 йилгача қабул икки босқичда амалга оширилар эди. Биринчиси: тиббий кўрик, жисмоний имтиҳон ва ёзма иш; Иккинчиси: шу текширувлардан ўтганлар кейин имтиҳон топширишар ва кимнинг кўрсаткичи юқори бўлса қабул қилинар эди. Охирги йилларда эса, иккинчи босқич суҳбат тарзида ўтадиган имтиҳонга ўзгартирилди. Уч йил олдин энг кўп, 20 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган эди. Ўшанда, академия жамоасига жуда қийин бўлган, чунки квота сони 600 киши эди. Бундан ташқари, охирги йилларда қизларнинг ҳам ўрнини кўпайтириш мақсадида 5 фоизлик квотани 10 фоизга кўпайтирдик.

Карантин боис қабулдаги ўзгаришлар ҳақида
15 мартдан карантин чоралари қўлланилган бўлса, абитуриентларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби бошқача бўлди. Яъни гигиена қоидалари, карантин талабларига риоя қилинган ҳолда ўтказилди. Бундан ташқари, президентимизнинг тегишли қарорларига асосан эндиликда Ички ишлар академиясига фақатгина академик лицей битирувчилари қабул қилиниши керак. Имтиҳон олиш жойига ҳам ўзгартириш киритилди. Имтиҳонлар ҳар бир академик лицей ҳудудида олинадиган бўлди. Сабаби лицей ҳудудида имтиҳон учун зарур бўлган барча жиҳозлар бор. Абитуриентлар лицейга олиб келинади. Улар учун ётоқхоналар, озиқ-овқатлар, ўқиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Кейин имтиҳонлар босқичма-босқич олинади. Имтиҳон олишда ушбу соҳа мутаҳассислари жалб қилинади. Яъни жисмоний тайёргарлик бўйича жисмоний тарбия ўқитувчиси, тарихдан имтиҳон бўлса тарих ўқитувчиси ва шу тариқа. Бу ўқитувчилар бирга ўтириб, маслаҳатлашиб умумий баллни қўяди.
Имтиҳон жараёнлари қайд этилади
Охирги 4 йилдан бери ҳамма жойга камералар ўрнатилган, имтиҳонлар овозлари билан ёзиб олинади. Апелляцияга берилганида исботи билан кўрсатилади. ЎзР ИВВ академияси ўқув жараёнини мониторинг қилиш маркази иккита асосий мақсадни кўзлаб ташкил қилинган. Булар: курсантларнинг ўқишга бўлган тайёргарлиги ва иштироки, кейингиси профессор ўқитувчиларнинг дарсларни ташкил этишини мониторинг қилиш учун.

















