Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрининг «Темирйўлчи» маҳалласи ҳудудида тиббиёт клиникаси қурилиши бошланди. Яқин атрофдаги уйларда яшовчи аҳоли бундан қаттиқ норози бўлиб, қурилиш тўхтатилишини талаб қилишмоқда. Бу ҳақдаги шикоятлар шаҳар прокуратураси ва бошқа ташкилотларга тақдим қилинган.

Урганч шаҳри ҳокимининг 2020 йил 9 мартдаги қарорига асосан, тадбиркор Ойбек Абдуллаевга «Темирйўлчи» маҳалласи ҳудудининг Хонқа кўчаси томонидан «Тиббиёт клиника» қуриш учун 600 кв.м. ер майдони доимий фойдаланишга ажратиб берилган.

Бу ҳудуд Хонқа кўчаси ва Ал-Хоразмий кўчаси туташган жойда ёнма-ён турган 2 қаватли 2та уй ўртасидаги автомобиллар турар жойига тўғри келади.

Ер ажратиш тўғрисидаги қарор март ойида чиққан бўлса-да, маҳалла аҳолиси бу ҳақда июнь ойида, қурилиш ишлари бошланганида хабар топган. Бу ҳолат одамларни таажжубга солган.

«Темирйўлчи» маҳалласи аҳолиси автомобиллар турар жойи ўрнида ҳеч қандай огоҳлантиришсиз тиббиёт клиникаси қурилиши учун рухсат берилганидан қаттиқ норози бўлиб туришибди. Одамлар шахсий автомобилларини қўйиш учун жой қолмаслиги, қурилиш натижасида атрофдаги 70 йил олдин қурилган уйларга жиддий талафот етиши, қурилиш техникаси аҳолининг мулки ва соғлиғига зарар етказиши, бундан ташқари, тиббиёт клиникаси фаолияти аҳоли саломатлигига хавф солиши мумкинлигидан жиддий хавотирга тушишган. Улар деярли ҳар куни шу ҳолатни муҳокама қилишмоқда.

Қурилишни бошлаб қўйган тадбиркор Ойбек Абдуллаев бу жойда ертўлали, 2 қаватли бино барпо этилиши режалаштирилаётгани ва бунинг учун барча ҳужжатлар расмийлаштирилгани, рухсатномалар олингани ҳақида маълумот берди.

Аммо «Темирйўлчи» маҳалласи аҳолисига қурилиш лойиҳаси, бинонинг кўриниши қандай бўлиши, рухсатномалар ҳақида тўлиқ маълумот берилмаяпти. Бу эса одамлар орасида турли миш-мишлар тарқалишига, хавотир ошишига сабаб бўлмоқда.

Урганч шаҳар ҳокимлигидан «Темирйўлчи» маҳалласи ҳудудида тиббиёт клиникаси қуриш учун ҳужжатлар қандай расмийлаштирилгани бўйича изоҳ олишга бўлган уринишлар самарасиз кетди. Ҳокимлик вакили муаммо нимадалигини билгач, қўнғироқларга жавоб бермай қўйди. Ҳокимлик биносига эса карантин туфайли киришнинг иложи бўлмади.

Албатта «шаҳар бедарвоза эмас», Ўзбекистонда аҳоли яшаш жойларида қурилиш ишларини олиб бориш Шаҳарсозлик Кодекси билан тартибга солинади. Кодекснинг 3-моддасида «Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари шаҳарсозликнинг асоси бўлиб, улар шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари, фуқароларнинг ўз ўзини бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар ижро этиши учун мажбурий» экани кўрсатилган.