Муаммо билан танишамиз. Ҳудуддаги 44-умумтаълим мактаби биносининг ярми 2013 йили давлат ихтисослашган мактаб-интернатига берилган бўлиб, интернат 2018 йилда фаолиятини тугатган коллеж биносига кўчиб ўтади.

Маҳаллий аҳоли вакиллари ДИМИдан бўшаб қолган бинони хусусий мактаб учун берилганидан норози. Бунга эса ўзига хос сабаблар бор.

«Фарзандларимиз икки сменада ўқияпти, хоналар етишмайди»

Ўз қишлоғи болаларининг сифатли таълим олишларини истаётган  мурожаатчиларнинг фикрларига бирма-бир қулоқ солдик. Маҳалланинг ёши улуғ инсонлари Мунисхон она Жабборова, ҳозирда 84 ёшни қоралаган фахрий ўқитувчи Маъруфжон ота Эргашевлар муаммо бўйича куйиниб гапиришди.

«44-умумтаълим мактабида 11 набирам ўқийди. Мактаб биноси билан боғлиқ вазият ҳақида шу йилнинг март ойида эшитиб, маҳалла аҳли билан тўпландик. «Бино сотиляпти», деган гап-сўз тарқалгач, одамлар хавотир олиб йиғилган экан.

Туман халқ таълими бўлими мудири ва туман ҳокимлигидан яна бир масъул шахс ҳам келди. Улар: «Отахонлар, онахонлар бизни тўғри тушунасизлар. Бино кераксиз бўлиб қолганидан кейин, тадбиркор барча ҳужжатларни расмийлаштириб, ўзиники қилиб олди», деганидан сўнг жуда хафа бўлиб, юрагим қайнаб кетди.

Мутасаддиларга: «Бу нима деганингиз? Мен мана шу мактабни 1969 йили битирганман. Ўша пайтларда ҳам физика, кимё кабинетлари, лаборатория, спорт заллари бўлган. Ишонсангиз, ёшлик пайтимиздаги шароитлар ҳозир мана 44-мактабда йўқ. Наҳотки, йилдан йилга аҳоли сони кўпаяётгани, қишлоқда 32 минг нафар фуқаро яшаётганини билиб туриб, томи битта, яхлит бинони хусусийлаштиришга қандай йўл қўйдингиз?

Сизлар аслида мактабни кенгайтириш ҳақида ўйлашингиз керак эди. Коллежлар очилганида мактаблар 9 йилликка айлантирилган эди. Мана, мактаблар яна ўн бир йиллик бўлди. Ўқувчи сони кўпайди. Шуни ўйламадингларми?» – дедим.

Мутасаддилар мактабни хусусийлаштираётиб, на маҳалла фаолларидан, на нуронийлардан маслаҳат олишган.