Низомга кўра, мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча тиббиёт ташкилотларида беморга мажбурий тартибда халқаро патентланмаган ном бўйича рецепт ёзилиши лозим.
Беморга бир вақтнинг ўзида 5 ва ундан ортиқ дори воситалари (дори воситаларининг туридан қатъи назар) тайинланганда бунинг асослилиги тиббиёт ташкилотларининг бўлим мудири ёки навбатчи шифокори ёхуд клиник фармакологи билан келишилиши лозим.
Асосий касалликнинг асоратлари ёки ҳамроҳ касалликлари мавжуд бўлганда ҳам шундай тартибга амал қилинади.
Тайинланган дори воситаларининг асослилиги беморнинг тиббий ҳисоб ҳужжатларида (касаллик тарихи, амбулатория картаси) қайд этилиши ва ушбу тиббий ҳужжатлар бевосита даволовчи шифокор ҳамда юқорида кўрсатилган шахслар томонидан ҳам имзоланиши лозим.
Рецептда дори воситасининг халқаро патентланмаган номи, таркиби, шакли, уни тайёрлаш ва бериш ҳақидаги ёзма кўрсатмаси лотин тилида, дори воситаларини қўллаш усули эса давлат тилида кўрсатилиши шарт.
Зарур ҳолларда рецепт малакали таржимани таъминлаган ҳолда бемор тушунадиган бошқа тилда ёзилиши мумкин.
Ҳар бир тиббиёт ташкилотидаги даволовчи шифокорларга рецепт бланкалари ушбу муассаса раҳбарининг буйруғи билан тайинланадиган жавобгар шахс томонидан, дам олиш ва байрам кунлари, шунингдек тунги вақтларда эса тиббиёт ташкилотининг масъул навбатчи шифокори томонидан берилади.
Даволовчи шифокор томонидан қуйидаги ҳолатларда дори воситаларига рецепт расмийлаштирилиши тақиқланади:
- мижознинг тиббий кўрсатмаси бўлмаган ҳолатларда;
- Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаган дори воситаларига (орфан дори воситалари бундан мустасно);
- фақат тиббиёт ташкилотларида қўллашга мўлжалланган дори воситалари, шу жумладан наркоз воситаси сифатида ишлатиладиган дори воситаларига.
Рецепт Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотлари томонидан берилганда уларнинг юқори қисми чап бурчагида тиббиёт ташкилотининг номи ва манзили тегишли штамп қўйилган ҳолда кўрсатилиши, хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан берилганда эса қўшимча равишда рецептнинг юқори қисми ўнг бурчагида ушбу муассасанинг фаолият кўрсатиши бўйича берилган лицензиянинг тартиб рақами, берилган санаси ва амал қилиш муддати кўрсатилиши лозим.














