90-йилларнинг бошларидан Нурсултон Назарбоев давлат ривожланишининг барча соҳаларида тезкор ислоҳотлар дастурини ишлаб чиқди ва миллий модернизацияни муваффақиятли амалга оширди. У ўзининг ривожланиш формуласини «аввал иқтисод, кейин сиёсат» деб белгилади. Бошқача қилиб айтганда, демократик институтларни ривожлантириш учун биринчи навбатда иқтисодий жиҳатдан ривожланиш керак эди. Бугунги кунда ушбу тажриба «Назарбоев модели» ёки «Қозоғистон йўли» сифатида ҳам танилган. Ушбу моделнинг асосини эса пухта ва изчил ислоҳ қилинган давлат тузилмаси ташкил этади. Агар Қозоғистоннинг ўттиз йиллик ривожланиш тарихини умумлаштирадиган бўлсак, мамлакат биринчи президентининг саъй-ҳаракатларини учта асосий ислоҳот ва ривожланиш босқичи сифатида тавсифлаш мумкин.

Модернизациянинг биринчи босқичи

Қозоғистондаги биринчи модернизация 90-йилларнинг бошларида юз берди. Бу даврнинг мақсади давлат бошқаруви тизимини қайта қуриш, бозор иқтисодиётининг асосларини яратиш ва жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув эди. Ушбу даврда Қозоғистон иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларда «уч томонлама ўтиш»ни амалга оширди. Қозоғистон демократияни давлат аппаратининг сиёсий ривожланиши учун намуна сифатида танлади. 1995 йилда янги конституция асосида ижро, қонунчилик ва суд ҳокимиятларининг бўлинишига асосланган сиёсий тизим ўрнатилди ва қонун устуворлигининг пойдевори қўйилди. Давлат чуқур иқтисодий ўзгаришларни амалга оширди ва бозор иқтисодиётининг асосий механизмларини яратди. Давлат ноаниқлик муҳитида барқарорликни таъминлади ва жамиятда этник ва диний ҳамжиҳатликни сақлаб қолди.

Қозоғистон ўзини тинчликсевар мамлакат, деб эълон қилди ва СССРдан мерос қолган тўртинчи йирик ядро арсеналидан воз кечди. Ёш давлат жаҳон ҳамжамияти аъзоси сифатида халқаро миқёсда тан олинган дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатди.

Ушбу жараёнда Қозоғистон кутилмаган ҳаракат билан давлатнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқди. Нурсултон Назарбоев 1997 йилда «Қозоғистон-2030 стратегияси»ни эълон қилди. Собиқ совет иттифоқи давлатлари ўз олдидаги энг долзарб ижтимоий, иқтисодий ва ички сиёсий муаммолар билан андармон бўлаётган бир пайтда Қозоғистоннинг биринчи президенти ўз мамлакатини ўттиз йилдан кейинги уфққа қарашга ундади.

Модернизациянинг иккинчи босқичи

Қозоғистоннинг иккинчи модернизацияси 1990-йилларнинг охирида бошланган ва 2010-йиллар ўрталарида якунланди. Бу даврда энди давлат сифатида шаклланиб, оёққа туришни ўрганган Қозоғистон 90-йиллар бошларида олиб борилган қатъий ислоҳотлар самарасини кўра бошлади. Нурсултон Назарбоев раҳбарлигида иқтисодиёт барқарор ўсишга эришди. Мамлакатда замонавий давлат институтлари ва ўрта синф шаклланди. Ислоҳотлар натижасида жамиятнинг фаровонлиги ошди. 90-йиллар бошида аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 700 долларни ташкил этган бўлса, 2013 йилда бу рақам 12 минг долларга етди. Шу сабабли, Жаҳон банки Қозоғистонни ўртача даромадли мамлакатлар қаторига киритди. Қозоғистон 1998 ва 2008-2009-йиллардаги инқироздан жиддий зарар кўрмасдан чиқиб олди. Ушбу ҳолат ёш давлатнинг иқтисодий қудратини намойиш этди ва давлат тузилмасининг мустаҳкамлигини исботлади.