«Кеча биздан тергов сирини ошкор этмаслик тўғрисида тилхат олмоқчи бўлишди, бироқ биз бермадик. Фақат давлат сирини ошкор этмаслик ҳақида тилхат имзоладик. Лекин ишда биз давлат сирига ҳозирча кўзимиз тушгани йўқ», — деган «Команда 29» адвокатлар жамоаси раҳбари Иван Павлов «Эко Москвы» радиоси эфирида.
Кеча Москванинг Лефортово туман суди Сафроновни 6 сентябргача ҳибсда ушлаш ҳақида қарор чиқарди. ФХХ уни НАТО давлатларидан бирига Россиянинг ҳарбий ҳамкорлиги, мудофааси ва хавфсизлигига доир давлат сири бўлган маълумотларни тўплаб беришда гумон қилмоқда. Давлатга хиёнат моддаси бўйича у 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Сафронов айбини тан олмаяпти.
Адвокатнинг сўзларига кўра, журналистга олинган маълумотларни АҚШга узатиб турган Чехия махсус хизматларига ишлаш айби юкланмоқда.

















