«Карантинга тўла риоя қилинса, 1 августдан яна ҳаммаси изига тушиши мумкин» – мутахассис чекловларга қайтиш зарурати ҳақида
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов қатъий карантин чекловларига қайтиш нега керак бўлгани ҳақида гапирди.
«Касаллик 1 июлдан бошлаб кўпайди, деб ҳеч ким айтгани йўқ. Касаллик сўнгги 2 ҳафта-20 кунда кунлик равишда кўпайиб борди. Унгача нега карантин қабул қилинди ва нега юмшатила бошланди?
Март ойида ўрнатилган карантиннинг натижасини кўрдик, уни ҳамма давлатлар эътироф этди. Янги аниқланган касаллар сони тузалаётган беморлар сонидан 2 баравар камайгандан кейин карантинни юмшатиш бўйича қарор қабул қилинди. Карантинни юмшатиш бўйича ўтказилган селекторда агар вазият, статистика ўзгарадиган бўлса, яна қатъий чекловларга қайтилиши ҳақида айтилган эди.
Карантин енгиллаштирилгандан кейин халқ сал нотўғри тушунди – бўлди, буёғига карантин очилди, эски ҳаётга қайтдик, деб ўйлашди. Тўда бўлиб йиғилиш, қатор-қатор машиналар, Чимён-Чортоқ, 100 кишилик тўйлар, гўзаллик салонлари, ресторанлар...
Транспортга рухсат берилганда 50 фоиз юклама олиш, фақат ўриндиқларда ижтимоий масофа сақлаган ҳолда юришга рухсат берилди. Аммо «пик» вақтида кўрсангиз, одамлар тирбанд бўлиб, бир-бирининг қулоғига нафас олиб кетяпти. Бундан кейин касаллик юқмай нима қилсин?!
Ватандошларни чет элдан олиб келиш тўхтагани йўқ, ҳар куни 2-3та чартер рейсда 500тагача одам қайтиб келяпти. Улар яшил давлатлардан келаётгани йўқ, ҳаммаси қизариб ётган давлатлардан келяпти. Чартер рейсда келганлар орасида касаллик аниқланиш ҳолати 60 фоизгача чиқди.
Юқоридаги омиллар ҳисобига охирги 20 кун ичида касаллик кўрсаткичлари яна кўтарилиб борди. Шунинг учун 10 июлдан қатъий карантинни бошламасак, буёғига кеч қоламиз, деб бонг уряпмиз», деди Оқилов Махсус комиссиянинг карантинни кучайтириш ҳақидаги қарори юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринборсари Элмира Боситхонованинг сўзларига кўра, навбатдаги қарорлар 20 кунлик карантин натижалари таҳлилидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
«Карантиннинг биринчи ўн кунлигида, 20 кундан кейин яна таҳлиллар қилинади. Мана шу таҳлил натижалари асосида қарорлар ўзгаради. Республика махсус комиссияси шунинг учун ҳам тузилди, қарорлар вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳар куни ўзгариши мумкин», деди Боситхонова.
Ҳабибулло Оқилов 20 кунлик карантин қоидаларига қатъий риоя қилинса, 1 августдан вазият изига тушиши мумкинлигини таъкидлади.
«Янги чекловлар бошланғич босқичда 1 августгача деб айтиляпти. Агар касаллик занжирларини уза олсак, янги ҳолатлар аниқланиши камайса, янги қарорлар қабул қилинади. Карантин қоидаларига тўла риоя қилинса, 1 августдан яна ҳаммаси изига тушиши мумкин», деди у.
Мавзуга оид
21:59 / 27.11.2022
Хитойда коронавирус чекловларига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда
00:22 / 26.11.2022
Пекинда коронавирус авж олгани туфайли янги чекловлар киритилмоқда
22:24 / 07.11.2022
Англияда уй паррандаларига локдаун эълон қилинди
12:45 / 19.07.2022