«Шифохоналарда койкалар ҳозирча етарли, лекин вазият оғирлашиши мумкин» – Ҳабибулло Оқилов
Бугун, 9 июль куни АОКА ҳузуридаги штабда Миллий гвардия, ИИВ ва бошқа масъул идора вакиллари иштирок этишди. Унда 10 июлдан 1 августгача республика бўйича эълон қилинган қатъий карантин чоралари бўйича саволларга жавоб берилди. ССВ қошидаги штаб аъзоси Ҳабибулло Оқилов шифохоналарда коронавирусга чалинган беморлар учун койкалар, дори-дармонлар етишмаслиги ҳақида ижтимоий тармоқда тарқалган фикрларга изоҳ берди.
«Кечаги брифингдан сўнг ижтимоий тармоқда кенг муҳокамалар бўлди. Баъзи фуқаролар қатъий карантин талабини тўғри тушунишса, айримлар вирус борлигига шубҳа билан қарашмоқда. Кўпчилик менга олдинги брифингларда шифохоналарда беморларга дори-дармон, койкалар - ҳамма нарса етарли эканлигини айтаётганим, бир кун ўтиб эса вазият оғирлашаётганини хабар қилганим бўйича сўрашди.
Уларга айтишим мумкинки, мен олдинги айтган гапимни инкор қилмайман. Ҳукумат койкалар, дори-дармонларни етказиб беряпти. Таъминотдан муаммо йўқ.
Лекин карантин талабларига риоя этилмаса, вазият оғирлашиши аниқ. Ҳозирги кунлик статистика такрорланаверса, соғлиқни сақлаш тизими бардош беролмаслигини фуқароларга тушунтирмоқчимиз. Қўшни давлатлар ва бошқа хориж мамлакатларидаги оғир вазиятга тушиб қолмаслик учун ҳам қатъий чораларни кўришга мажбурмиз», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков эса республикада коронавирус биринчи тўлқинини қачон енгиб ўтиш мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.
«Ҳар қандай турдаги юқумли касаллик тарқалиши учун эпидемик жараён бўлиши керак. Бунинг эса 3та бўғини бор: касаллик манбайи, юқиш йўли ва юқтириб олувчи шахс. 3та бўғиннинг бирортаси бўлмаса, касаллик одамдан одамга юқмайди. Демак, бизнинг вазифамиз шу бўғинларни узишдан иборат.
Жуда кўп фикрлар бўляпти: касалликнинг биринчи, иккинчи, учинчи ва бошқа тўлқинлари бор экан. Биз ҳали биринчи тўлқинни узганимиз йўқ. Қачонки касаллик қайд этилиши тўхтаса, битта касалликнинг яширин даври ичида биронта бемор қайд этилмаса, касалланганларнинг барча манбайи жиловланса, биринчи тўлқиндан сал бўлса-да узоқлашдик, деган фикрга боришимиз мумкин», деди Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, Ҳабибулла Оқилов 8 июль кунги брифингда стационарлардаги жойлар, койкалар тугагани ҳақида гапирган, кунлик касалланиш ҳолатлари сони мингдан ошса коллапс юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.
Мавзуга оид
21:59 / 27.11.2022
Хитойда коронавирус чекловларига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда
00:22 / 26.11.2022
Пекинда коронавирус авж олгани туфайли янги чекловлар киритилмоқда
22:24 / 07.11.2022
Англияда уй паррандаларига локдаун эълон қилинди
12:45 / 19.07.2022