Ўзбекистонда март ойи ўрталарида коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолат тасдиқлангач, қатъий карантин чоралари жорий этила бошланган, апрель ойига келиб Ўзбекистон тўлиқ карантинга ўтганди. Аввалига бу чоралар 20 апрелгача этиб белгиланганди. Кейин махсус комиссия карантинни 10 майга қадар узайтирди.
Бу вақт оралиғида эпидемиологик вазият яхшилана бошлади, 21 апрелдан бошлаб кунлик касалланишлар сони тузалганлар сонидан кам бўлди. Натижада, май ойи бошида карантин чораларини босқичма-босқич юмшатишга қарор қилинди. 11 майдан Ўзбекистонда янгича тизим жорий этилди. Унга кўра, Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатиладиган ҳудудларни белгилаш аниқ мезонлар асосида баҳоланиб, туманлар ва шаҳарлар «қизил» (юқори хавфли), «сариқ» (ўрта хавфли) ва «яшил» (хавфсиз) ҳудудларга ажратилди.
Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият июнь ойи давомида барқарор сақланиб турди. Аммо 24 июнь кунидан кунлик касалланиш ҳолатлари сони кундан кунга ўсиб борди, ой охирида кунига иккитадан ўлим қайд этила бошлади, июль ойи бошида эса вазият кескин ёмонлашди, кунлик касалланишлар сони 400дан ошиб, 500га яқинлашди, кунлик ўлим ҳолатлари сони 5-6тадан бўлмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги ҳафталарда аниқланган ҳолатларнинг 52 фоизи хориждан келган фуқароларда, 48 фоизи эса аҳоли орасида аниқланган. Вазирнинг маълум қилишича, коронавирус беморлари орасида ўлимлар сони ошишига 50 фоиз ҳолатларда шифокорларга кеч мурожаат қилиш сабаб бўлмоқда. Вазирлик вакилининг маълумотига кўра, беморларнинг 70-80 фоизида касаллик ташқи симтомларсиз кечмоқда.
Мутасаддилар ва мутахассислар статистика шу тарзда ўсиб борса, Ўзбекистондаги шифохоналарга беморлар сиғмай кетиши, коронавирусдан бошқа касалликларга чалинганларга ёрдам кўрсатиб бўлмай қолиши мумкинлигидан огоҳлантиришди. Ўзбекистон иккинчи тўлқинга тайёрлана бошлади. 8 июль куни республика махсус комиссияси карантинга қайтиш тўғрисидаги қарорларини эълон қилди.
Қарорга биноан, республика миқёсида:
- автотранспорт воситаларининг ҳаракатини чекланади;
- давлат органлари ва ташкилотларининг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилади.
- давлат органлари, ташкилотлар ва корхоналарда йиғилишлар ўтказишни тақиқлаш, зарур ҳолларда йиғилишларни видеоконференцалоқа режимида ўтказилади.















