Каттақўрғон шаҳридан Ханифа Файзиеванинг ёзишича, жорий йилнинг 29 мартида унинг ўғлини калтаклашади, пичоқлашади. Бир ой давомида ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши очилмагани, аксинча, шаҳар ИИБ амалдорларидан бири уларга дўқ-пўписа қилганини айтмоқда.

Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Kun.uz мухбирлари Каттақўрғон шаҳрида бўлди.

“Ўша куни А.А. маст ҳолатда қариндошим Фарҳоднинг дарвозасини тепаётганини кўриб, профилактика инспекторига хабар қилдим. Сўкинавергач, ўғлига отасини олиб кетишини айтдим. Шу вақт А.А. юзимга мушт туширди. Жанжал кўтарилгач, улар уч киши бўлиб калтаклашди. Маҳалладагилар ажратиб олгандан сўнг, уст-бошимни тозалаб, кетмоқчи бўлдим. Шу вақт улар яна қайтиб келиб, темир ва пичоқ билан яна ташланишди. Кўп қон йўқотдим, мени шифохонага олиб кетдилар.

Тергов жараёнида жабрланган мен қолиб, уларнинг даъвосини тўлиқ ёзиб олишди. Терговдан умуман қониқмаганимни ўша вақтнинг ўзида айтдим.

29 март куни содир этилган жиноят юзасидан 30 апрелда ИИБ ходими Н.Отабоев мени чақиртирди ва даъвоим йўқ, деб ариза ёзиб беришимни талаб қилди” дейди Лазизбек Файзиев.

“Ўғлим Лазизбек ўша куни соат учларда Сўфи Аллоҳёр” МФЙда яшовчи жияним – ишчиси Фарҳод Рўзиевни ишга чақириш учун боради. Ўша вақтда А.А. катта тош билан жиянимнинг дарвозасини уриб, ташқарига чиқишга ундаётган бўлади. Ўғлим нега бундай қилаётганини сўраганда, тош билан Лазизжонга ташланади. Воқеага гувоҳ бўлганлар уларни ажратиб олишади.

Шундан сўнг ўғлим ва жияним маҳалла биноси ёнида турганларида, “Дамас” русумли шахсий машинасида А.А. икки нафар ўғиллари билан келиб, яна жанжал бошлайди. Улардан бири қўлидаги темир жисм билан ўғлимга зарба беради, яна бири эса қўлидаги пичоқ билан бўйин ва бош қисмига олти маротаба пичоқ уради. Ўғлим кўп қон йўқотгач, шифохонага олиб борилади.

Ўғлим Лазизбек тўққиз кун интенсив даволанди. Худога шукур, шифокорларнинг меҳнати билан у омон қолди” дейди Ханифа Файзиева.