Шулар қаторида таҳририятимизга мурожаат қилган тадбиркор Мирёқуб Мирзааҳмедовга тегишли бўлган, Шота Руставели кўчаси 65а-уйда жойлашган умумий овқатланиш маскани ҳам бор эди.

Тадбиркор бу мулкка 1994 йилдан бери эгалик қилиб келаётган эди. Кафе бузилгунига қадар хўрандалар билан гавжум бўлган. Тадбиркор «Мир Мадина» номли хусусий корхона сифатида фаолият юритиб келган.

Мирёқуб Мирзааҳмедов

«Бузилмасидан олдин 15-20 нафар ходим ишларди. Корхонамиз бузилганидан кейин ҳамма ишсиз бўлиб қолди. Мен ҳам шу кунгача ишсиз юрибман. Иш фаолиятимни тиклай олганим йўқ.

Бизнинг биномиз 415 квадрат метрли жой бўлган. Бузилганидан кейин шаҳар ҳокимияти Бинолардан фойдаланиш департаменти томонидан шаҳарнинг чекка-чекка туманларидан инфратузилмаси етарли даражада бўлмаган 3-4та эски биноларни таклиф қилишди. Масалан, бинонинг ярми бизга таклиф қилинган бўлса, қолган ярми бошқа корхонага таклиф қилинган. Уни бузиб, қайта тиклаб бўлмасди. Бир-бирига халақит берадиган жойлар эди. Таклиф қилинган биноларни бориб кўрганимда қаноатланмаганим учун таклифларни рад этганман.

Мен кўп давлат идораларига мурожаат қилдим. Тошкент шаҳар адлия бошқармасига йўллаган мурожаатим бўйича бошқарма томонидан судга даъво ариза киритилди. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2017 йилдаги қарорига асосан Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Бинолардан фойдаланиш департаменти зиммасига тенг қийматдаги бино ажратиш мажбурияти юклатилди. Аммо суд қарори шу пайтгача ижро этилмади.

Суд қарори чиққанидан кейин қўлимизга ижро варақаси берилган. Мажбурий ижро бюросидан менга ҳеч қандай ёрдам бўлмади. Телефон ҳам бўлмади, хат ҳам жўнатишмади, ҳеч қанақа натижа бўлмади», – дейди Мирёқуб Мирзааҳмедов.

Вазият бўйича расмийлардан изоҳ олиш мақсадида Бинолардан фойдаланиш департаментининг ҳуқуқий вориси ҳисобланувчи Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Муниципал активларни бошқариш марказида бўлдик.