Ўзбекистон | 12:52 / 17.07.2020
61559
2 дақиқада ўқилади

Амрилло Иноятов президент маслаҳатчисига ўринбосар бўлди

Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Амрилло Иноятов президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

Фото: БДТИ расмий сайти

Kun.uz манбаси хабар қилишича, президентнинг 2020 йил 16 июлдаги 6028-сонли фармонига биноан, Амрилло Шодиевич Иноятов Ўзбекистон Республикаси президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

Амрилло Иноятов 2001 йилда Бухоро давлат тиббиёт институтини тамомлаган, дастлаб институтнинг марказий илмий-тадқиқот лабораториясида кичик илмий ходими, кейинчалик 2008 йилда у жарроҳлик стоматологияси кафедраси мудири бўлиб ишлаган.

2012 йилдан 2014 йилгача Бухоро давлат тиббиёт институтининг стоматология факултети декани бўлади. 2015-2016 йилгача у Тошкент давлат стоматология институтининг Бухоро филиалига раҳбарлик қилган, филиал вилоят тиббиёт институтига қўшиб юборилгач, 2016 йилдан яна институтнинг стоматология факултети деканига айланган. У 2017 йил июнь ойидан ҳозиргача Бухоро давлат тиббиёт институти ректори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Шунингдек, А. Иноятов кўплаб монографиялар, ўқув қўлланмалар, 120дан ортиқ илмий мақолалар ва 130дан ортиқ нашрларнинг муаллифи. Тиббиёт фанлари доктори, профессор.

У бу лавозимда аввалроқ Тошкент давлат транспорт университетининг ректори лавозимига ўтказилган Одил Абдураҳмонов ўрнини эгаллади.

Мавзуга оид