Ўзбекистон | 18:29 / 17.07.2020
62547
2 дақиқада ўқилади

Мактаб ходимларига ўз ҳисобидан таътил олиш сўралаётгани айтилмоқда. ХТВ изоҳ берди

«Кучайтирилган карантин чоралари давом этаётган ҳозирги пайтда бизни ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига чиқиш бўйича ариза ёзишимизни сўрашмоқда. Ваҳоланки, яқинда меҳнат таътилидан чиқдик».

«Давлат бюджетига юклама тушаётгани сабабли номаълум муддатгача ўз маошимизнинг ярмидан ихтиёрий тарзда воз кечишимизни сўрашяпти».

Kun.uz’га умумтаълим мактаблари ходимлари томонидан юқоридаги мазмунда мурожаатлар келиб тушмоқда.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамованинг изоҳ беришича, ходимнинг асосий йиллик меҳнат таътили тугагач, унга белгиланган тартибда маош тўланиши керак.

«Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларининг 2020 йил 4 майдаги қўшма хатига асосан, карантин муносабати билан ташкилотнинг иш фаолияти тўлиқ ёки қисман тўхтатилиши сабабли, шунингдек, ходимнинг лавозим мажбуриятларининг хусусиятларига ёки бошқа сабабларга кўра ўз вазифасини масофавий иш режимида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишларга ўтказиш имкони бўлмаган ҳолларда унга асосий лавозим маошидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланишини таъминлаш белгиланган.

Шунга кўра, карантин даврида ходимларнинг асосий йиллик меҳнат таътили даври тугагандан сўнг уларга қўшма хатда кўрсатилган тартибда иш ҳақи тўловлари амалга оширилади», дея маълум қилди вазирлик расмийси.

Юқоридаги қўшма хатда, карантинга оид чоралар амал қилиш даврида бюджет ташкилотлари ходимларини – ҳатто масофавий иш режимида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказиш имконияти бўлмаган ҳолларда ҳам – иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат таътилига юбормаслик ҳамда ушбу масала бўйича аввал қабул қилинган буйруқларни қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.

Мавзуга оид