Дори воситаларини қидириб топиш ва нархларни солиштириб беришга ихтисослашган ArzonApteka телеграм ботига ўтган қисқа давр мобайнида келиб тушган сўровлар асосида қизиқарли статистика эълон қилинди.

Унда 8-16 июнь ва 6-15 июль (яъни икки кетма-кет ойлардаги тўққиз кунликлар) оралиғидаги сўровлар сарҳисоб қилинган.

Натижа ҳайратланарли – «Арбидол» дориси июнь ойининг 9 кунида 270 кишини қизиқтирган бўлса, июль ойининг мос даврида бу дорига сўров 61 370тага етган яъни 227 баробар ошган. Эргоферон – 185/19 900, азитромицин 260/9835, азимак – 330/8740 нисбатда ошган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар ва суриштирувлар бундан икки ой муқаддам ўртача 25-30 минг сўм атрофида сотилган «Арбидол» дори воситаси баҳоси бугунги кунда 600 минг сўмгача чиқиб кетгани, шу билан бирга мутлақ кўпчилик дорихоналарда сотувда йўқлиги айтилмоқда.

Бугунги кунда айни шу ботга сўров юборилса, ҳудудларнинг бирор дорихонасида Арбидол дори воситаси йўқлигини билдирмоқда.

Қўшни давлатлар оммавий ахборот воситаларида ҳам айнан мана шу ва шунга ўхшаш дорилар танқислиги тўғрисида хабарлар эълон қилиняпти.

Kun.uz бу дорига бўлаётган талабнинг кескин ошишига изоҳ олиш учун юқумли касалликлар шифокори Алишер Аҳроров билан боғланди:

– Умифеновир фаол моддасига асосланган «Арбидол» дори воситаси Россияда ишлаб чиқарилади ва МДҲ давлатларида кенг тарқалган. Асосан грипп ва шамоллашга қарши восита сифатида фаол реклама қилинади ва кўпчилик уни қабул қилишга одатланган.

Айнан бу таркибдаги бошқа дори воситалари ҳам бор, масалан «Арпетолид», «Арпефлю», «ОРВИтол НП», «Арпетол» ва «Иммустат» номлар остида ҳам чиқарилади ва улар ҳам бундай симптомларга қарши самарали таъсир кўрсатади. Айнан коронавирусга қарши самараси ҳали тўлиқ исботланмаган ва бу факт қатор манбаларда келтирилган», деди шифокор.