15:00 / 20.07.2020
14689

“Боламни йўқотишдан қўрқаман”- Балиқчилик оиланинг 6 яшар фарзанди кўмакка муҳтож

Андижон вилояти Балиқчи тумани Жартепа маҳалласида яшовчи Камолахон Хонтўраева таҳририятимизга мурожаат қилиб, 6 ёшли ўғли Иззатуллоҳнинг операцияси учун хайрия акцияси уюштиришга ёрдам беришимизни сўради.

Балиқчи туманига бориб, оиланинг яшаш шароити билан танишдик.

2014 йилнинг октябрида дунёга келган Иззатуллоҳга шифокорлар туғилганидаёқ юрак нуқсони (пороги) ташхисини қўйишган.

Диагноз: Фалло тетрадаси, кўк тури, юрак етишмовчилиги.

Иззатуллоҳ тўрт ёшлигида биринчи енгил операцияни бошдан ўтказди. Операция муваффақиятли бўлди. Лекин, болажон тўлиқ тузалиб кетмади. Ҳозир у жуда нозик. Кўп юра олмайди, чарчаб қолади. Тез-тез касал бўлиб туради. Энди Иззатуллоҳни иккинчи операция кутмоқда.

Иззатуллоҳнинг оиласида учта фарзанд вояга етяпти. Унинг Шавкатбек ва Дилмуроджон исмли икки укаси бор. Оила бошлиғи Шокиржон Хонтўраев кунлик ишлаб пул топади (мавсумий ишчи). Онаси уйда чақалоқ тарбияси билан банд. Бемор боланинг бир ойлик дориларига 2-3 миллион сўм атрофида пул сарфланади. Оиланинг Иззатуллоҳни операция қилдириш учун маблағи йўқ.

“Фарзандимиз туғилганидаёқ шифокорлар юрак порог эканлигини айтишган. Икки ёшида Тошкентда тиббиёт марказида операция қилдирдик. Иккинчи муҳимроқ бўлган операцияни давлат касалхонасида қилиша олмас экан. Кейинги ой хусусий клиникада операция қилдиришимиз керак. Операция нархи 51 миллион сўм эканлигини айтишди. Пул топа олмай қийналиб кетдик. Бормаган жойимиз қолмади. Эрим ишсиз, одамларнинг уйида мавсумий ишларни қилади. Топганимиз тирикчилик ва Иззатуллоҳнинг дори-дармонига кетади. Унинг иммунитети паст, кўп касал бўлиши бор. Дориларига бир ойда 2-3 миллион сарфлаймиз.

Боламни йўқотиб қўйишдан жуда қўрқяпман. Кечалари билан уйқум келмайди. Бор умидимиз эҳсонли кишилардан. Илтимос фарзандимизнинг операцияси учун ёрдам беринглар”, дейди онаси Камолахон Хонтўраева.

Савоб истаган инсонлардан Иззатуллоҳни тенгдошлари қаторига қўшиш учун ҳисса қўшишни сўраймиз. Саховатпеша инсонлар бу мақоламизни беэътибор қолдирмайдилар, деган умиддамиз. Зеро, эҳсон – энг эзгу амаллардан бири.

Xonturayeva Kamolaxon (беморнинг онаси) номидаги карталар:

Click/PayMe: 8600 0417 5530 5969 (Agrobank)

 8600 0604 1944 4030 (Xalq banki)

 Элмурод Эрматов тайёрлади.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top