АҚШ Давлат департаменти Россия Федерацияси таркибидаги Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзон Қодировни «инсон ҳуқуқларини қўпол равишда поймол этгани» учун қора рўйхатга қўшган. Бу ҳақда давлат котиби Майк Помпео хабар берган.

«Департамент ўн йилдан кўпроқ муддат аввал Қодиров томонидан қийноқлар ва судсиз қатл қилишлар билан боғлиқ инсон ҳуқуқларининг кўп сонли бузилишларига доир ишончли маълумотларга эга», — деб қайд этган Помпео.

Унинг сўзларига кўра, санкциялар Чеченистон раҳбарининг рафиқаси Медни Қодирова ва қизлари Ойша ва Хадичага ҳам таъсир қилади. АҚШ ўзи билан маслакдош давлатлар худди шундай санкциялар жорий қилишларига эришмоқчи.

Давлат департаменти баёнотида Қодиров коронавирус пандемиясини ёритаётган икки журналистга ҳам таҳдид қилгани айтилган. Бундан ташқари, АҚШ ташқи сиёсат идораси «Россия федерал ҳокимиятининг пандемияга қарши чоралари танқидий руҳда ёритилаётган мақолаларни цензурага тортаётганлиги»ни қоралаган.

Санкция ҳақидаги хабарларга жавобан Рамзон Қодиров ўзининг Telegram каналида жавоб қайтарган. У қурол тўла хонада қўлида иккита пулемёт кўтарганча тушган суратини жойлаган. Иллюстрация остига тагсўз ҳам битилган: «Помпео, биз жангни қабул қилдик! Энди янада қизиқроқ бўлади!»

Рамзан Кадыров. Фото: t.me/Kadyrov_95

«Калибр» спорт мажмуасининг спортча отиш машқлари бўйича мураббийи Сергей Солдецкийнинг РБКга айтишича, Қодиров қўлларида Калашниковнинг модернизация қилинган пулемётларини ушлаб турибди.

Чеченистон етакчисига нисбатан санкциялар жорий этилганини Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова аллақачон изоҳлаган. «Бунга мос жавоб бериш қийин бўлади, лекин нимадир ўйлаб топамиз», — деб ёзган у Facebook’да.

2019 йил апрелда АҚШ Чеченистон ҳукумати раиси Муслим Хучиевга ҳам мамлакатга киришни тақиқлаб қўйган эди. Америка ҳукумати уни маҳаллий қийноқларга дахлдор деб ҳисоблайди. Хучиевнинг рафиқаси Сапият Шабазова ҳам чеклов остига тушган.