Ўзбекистон | 01:53 / 21.07.2020
18474
2 дақиқада ўқилади

Қамаши туманида жами 53 киши коронавирусга чалингани маълум қилинди

Фото: Қамаши туман ҳокимлиги

Қамаши тумани ҳокими Шерали Санаев туман аҳолисига мурожаат қилди.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, бугунги кунда туманда коронавирусдан касалланганлар сони 53 нафарни, касалликдан фориғ бўлганлар сони 33 нафарни ташкил этади.

20 нафар даволанаётган беморлар орасида бир нафарининг аҳволи оғир.

Шунингдек, Қамашида 403 киши карантинда экани, туман дорихоналарида 3 миллиард 125 миллион 400 минг сўм миқдордаги дори-дармон захираси борлиги айтилди.

Маълумот учун, июль ойи бошида ижтимоий тармоқларда Қамашида коронавирус тарқалгани ҳақида хабарлар кўпайгач, бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати расмий ахборот берганди. 4 июль ҳолатига эълон қилинган ўша ахборотда туманда бир нечта фуқаро кучайтирилган тиббий назоратга олиниб, улардан коронавирусга тест олингани ва тиббий хулосаларга кўра, коронавирус қайд этилмагани маълум қилинганди.

8 июль кунига келиб, Қашқадарё вилоят махсус комиссиясининг ахборотида Қамаши туманида 11 нафар фуқарода касаллик қайд этилгани кўрсатилган.

Шунингдек, 11 июль куни Ғузор туманидаги карантин марказида Қамаши туманида яшовчи фуқаро қочиб кетиб, уйига келгани хабар қилинди. Мазкур ҳолат ҳам аҳолида яна туманда касаллик кўпайгани борасида хавотирлар уйғонишига сабаб бўлди.

Шу боисдан туман ҳокимининг 20 июлдаги мурожаати ва ахбороти кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Мавзуга оид