Ўзбекистон Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси тиббиёт соҳасида сиқилган кислороддан фойдаланишдаги хавфли жиҳатлари, хавфсизлик техникаси хусусида экспертлар баёнини тақдим этди. Кислород баллонларидан фойдаланишнинг хавфли омиллари - бу унинг тез ёниш хусусияти, шу жумладан, ёнғинга хавфлилиги ва портловчи газ хусусиятларига эга эканлиги ҳисобланади, дейилади баёнотда.

Кислород кимёвий элемент сифатида токсик хусусиятга эга эмас, у ўз-ўзидан портламайди ва ёнмайди, аммо у кучли оксидловчи ҳисобланади ва турли материалларнинг ёнишини фаоллаштиради. Тиббий мақсадларда ишлатиладиган сиқилган кислород баллони

15-20 МПа га тенг юқори босимга эга. Сиқилган кислород баллонлари кўк (ҳаво) рангда бўлади ҳамда қора рангдаги “Кислород” ёзуви билан белгиланади.

Ёғ ва мойлар билан реакцияга киришганда, кислород иссиқлик чиқиши билан дарҳол оксидланади, бу эса ёнғин ва портлашга олиб келади.

Кислород баллонларини сақлаш ва улардан фойдаланишга фақатгина уларнинг барқарор, йиқилишига йўл қўйилмаган (тик) ҳолатдагина рухсат этилади. Кислород баллонлари яқинида чекиш, очиқ олов манбаларидан фойдаланиш мумкин эмас.

Ёдингизда тутинг!

Кислород баллонларидан фойдаланилганда, асбоб-ускуналар, ходимларнинг қўллари ва кийимлари ёғ ва мойдан тозаланган бўлиши лозим! Кислород баллонлари билан ишлашда спирт, лейкопластир, дезинфекциялаш воситаси ёки бошқа ёниши мумкин бўлган манбаларни  ишлатиш тақиқланади. Синтетик матодан тикилган кийимларда ишлаш мумкин эмас.

Кислород баллонлари жойлашган хонада тез ёнувчан моддалар мавжуд бўлмаслиги, очиқ шамоллатиш, хонадаги ҳавони бошқариш учун воситаларнинг бўлишлиги, шунингдек, у ердаги одамлар сонини чеклаш лозим. Ёнғинларнинг олдини олиш учун атроф-муҳитдаги кислород миқдори ҳажм бўйича 23% дан ошмаслиги керак. Хонадаги кислород миқдорининг юқори бўлиши учқунсиз ёнғин чиқишига олиб келиши мумкин! Кислород сақланадиган хонани тозалаш тоза сув ва оддий мато ёрдамида амалга оширилади.

Баллондаги кран редукторининг вентили, босим кескин кўтарилишининг олдини олиш учун, кислород юборишдан олдин ва кейин аста-секинлик билан очилади. Манометрни кузатиб боринг! Вентильни очиш учун болға ишлатиш мумкин эмас. Вентиль ишламай қолганда баллонга, “Эҳтиёт бўлинг, нуқсонли вентиль. Баллон тўлиқ” деб ёзиб қўйилади. “Кислород” ёки “Мой хавфли” ёзуви бўлмаган босим ўлчагичлари (манометр)дан фойдаланиш тақиқланади. Вентильни очиш вақтида редуктор ва кислород етказиб берувчи линиянинг рўпарасида туриш мумкин эмас. Кислородни ҳавога чиқарманг! Бу сизнинг кийимларингиз ва биноларингизда тўпланиб, ёнғин ёки портлашга олиб келиши мумкин!