Ўзбекистон | 15:48 / 22.07.2020
9088
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура “Shifoxona info” телеграм ботини ишга туширади. У касалхоналардаги бўш ўринларни аниқлашга ёрдам беради

Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев 15 июль куни президент видеоселекторидан сўнг берган интервьюсида тез тиббий ёрдам хизмати янада кучайтирилиши, тез тиббий ёрдам автомашиналари тегишли ходимлар билан 15 дақиқадан кўп бўлмаган вақтда чақирув бўйича етиб бориши тўлиқ таъминланишини айтганди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, давлат раҳбарининг тегишли топшириқлари ижроси доирасида бугунги кунга қадар муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, колл-марказлар сонини кўпайтиришда Тошкент шаҳрининг ўзида қўнғироқларни қабул қилиш учун тез ёрдам марказий станциясида қўшимча 70та жой ташкил этилган.

Бу ерда операторлик фаолиятини юритиш учун махсус ўқув курсларда тайёргарлик кўрган кўнгиллилар фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида тиббий маслаҳат кўрсатиш бўйича 50 нафар кўнгилли шифокорлардан иборат колл-марказ ҳам ўз ишини бошлаган.

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан у ерда хизмат ўтаётган кўнгилли ишчиларга махсус кийимлар ва бепул кунлик озиқ-овқат етказиб берилмоқда.

Тез ёрдам хизмати фаолиятини яхшилаш мақсадида тез ёрдам марказий станцияси қўшимча 50та “Дамас”, 12та “Фотон” ва 27та “Isuzu” махсус автомашиналари билан таъминланган.

Шунингдек, Бош прокуратура ташаббуси билан яқин кунларда “Shifoxona info” телеграм боти ташкил этилиб, ҳар бир касалхонага прокуратура ходими бириктирилиши ва шаҳардаги касалхоналарда мавжуд бўш ўрин (койка)лар ҳисоби юритилиши йўлга қўйилиши режалаштирилган. Бу хизмат чақирувга чиққан тез ёрдам бригадасини беморнинг касаллиги бўйича бўш жой мавжуд бўлган яқин орадаги шифохоналарга йўналтириш имкониятини беради, дейилади Бош прокуратура маълумотида.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид