Гаровдагилар озод этилгани ҳақида Ички ишлар вазири Арсен Аваков твиттердаги саҳифаси орқали маълум қилди. Махсус амалиётдан кейинги матбуот анжуманида у жиноятчи музокаралардан кейин автобусдан чиққани ҳақида маълум қилган.

Эркак «БТР» танки ёрдамида амалга оширилган штурмда қўлга олинган. Гаровга олинганлар автобусни тарк этишга улгурган.

Украина хавфсизлик хизмати ҳам йўловчиларни гаровга олган шахс ўзи таслим бўлганини тасдиқлаган.

Брифингда Арсен Аваков жиноятчининг шериклари ҳам бўлгани, улардан бири Харьковда қўлга олинганини маълум қилган. Қўлга олиш чоғида бу шахснинг ёнидан ўқотар қурол ва портлаовчи моддалар мусодара қилинган.

«Нима ҳам дердик, бу узоқ йил қамоқда ўтирган криминал олам вакили. Уларнинг ўзича даъволари бор, ҳар хил гапларни гапиришади. Бошқа вазиятда махсус кучлар ёмонроқ ҳолатга тайёр бўлган ҳолда ишлаган бўларди, шукрки ҳаммаси яхши бўлди. Уни узоқ йиллик қамоқ жазо кутмоқда», деган вазир.

https://ria.ru/services/video/embed/1574680630-1574680594.html

Воқеа қандай содир бўлди?
Сешанба тонгида қуролланган шахс Украина ғарбидаги Луцк шаҳрида Берестечко — Красиловка йўналишида ҳаракатланган автобусни қўлга олди. У ёнида портловчи моддалар ва қурол борлигини айтиб, олдига журналистлар келишини талаб қилди. Автобусда 13 киши бўлган.

Бу Украинанинг янги тарихида илк марта ёлғиз жиноятчи тинч аҳоли вакилларини оммавий гаровга олиши ҳодисасидир. Қолаверса, бу воқеа нисбатан тинч бўлган ғарбий ҳудудда - Украина армияси Россия томонидан қўлланиши айтиладиган айирмачилар билан уруш олиб бораётган шарқий фронтдан 1000 км узоқда содир бўлмоқда.

Одамларни гаровга олган шахс муқаддам икки бор судлангани маълум. Полицияга ўзини Максим Плохой деб таништирган. Кейинроқ Ички ишлар вазири ўринбосари Антон Герашченко автобусни қўлга олган шахс Максим Кривош эканини маълум қилди.

Полиция маълумотига кўра, бу шахс бирор аниқ талаб қўймаган. У ижтимоий тармоқларда ўзини анархиячи ва тизимга қарши курашувчи сифатида таништирган.