Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Ўзбекистонда пандемия туфайли кечаётган оғир вазият ва шундай пайтда ҳам тез ёрдам учун автомобилларини қиммат нархда сотишда давом этаётган «Ўзавтомоторс» компаниясига жиддий эътирозларини баён қилганди.

«Ўзавтомоторс» компанияси депутатга жавоб қайтариб, унинг сўзларига ўз эътирозларини билдирганди.

Шундан сўнг депутат «Ўзавтомоторс»га қарши навбатдаги баёнот билан чиқди.

Расул Кушербаев / KUN.UZ

«Мен «Ўзавтосаноат» ва «Ўзавтомоторс» бошқа-бошқа ташкилот, деб ҳисоблардим. Бироқ «Ўзавтомоторс»нинг мендан ранжиб қилган муносабатидан «Ўзавтомоторс» компанияси Ўзбекистон автомобил бозоридаги барча иштирокчиларга тенг имконият ва шароитлар яратиб бериши керак бўлган «Ўзавтосаноат»ни ўзига тегишли тузилма, деб ҳисоблаши кўриняпти. Бу «монополия касаллиги»нинг асорати бўлса керак. Йўқса компания «Ўзавтосаноат»нинг ишларини ўзига ёпиштириб олишдан сал уялган бўларди. Ёки ростданам «Ўзавтосаноат» ва «Ўзавтомоторс» номи ҳар хил, ўзи битта ташкилотми? Тушунарсиз.

Мен кечаги фикримда учта фактни келтирганман. Булар:

  1. «Ўзавтомоторс»нинг оширилган, яъни шу йил март ойида бутун халқни норози қилиб кўтариб олган нархда ҳатто «Тез ёрдам» учун ҳам «Дамас» автомобилларини сотаётганлиги;
  2. Россиянинг Уфа каби шаҳрида кўп миқдордаги автомобиллар очиқ осмон остида ташландиқ туриб қолса ҳам Ўзбекистон халқи ўзимизда қиммат, «дефектли» ва қийин шартларда автомобиллар сотиб олишга мажбур бўлаётганлиги;
  3. «Ўзавтомоторс» халққа танлов имкониятини бермайдиган монополист бўлиб яшаб келаётганлиги.

«Ўзавтомоторс» айтинг-чи, буларнинг қайси бири ёлғон?

Депутат қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўзингиз тушунмайдиган гаплар билан ҳаммани чалғитиб, қонунларни ўзгартириш депутатлар қўлида-ку, деб ўзингизни оқламоқчи бўлибсиз. Асосий эътироз - сизнинг монополист бўла туриб, халқ фикри билан ҳисоблашмаслигингизда.