Ушбу кодларда кўршапалакларни ҳалокатли вируслардан ҳимоя қилувчи «истисноли иммунитет тизимлари»га оид генетик кўрсатмалар мавжуд.
Тадқиқотчилар ушбу маълумотлардан кўршапалакларнинг қандай қилиб коронавирусга чалинмаган ҳолда унинг ташувчисига айланиши мумкинлигини аниқлаш жараёнида фойдаланишга умид қилишмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу тадқиқот ҳозирги ва келажакда юз берувчи эпидемияларда инсон саломатлигига ёрдам берувчи ечимларни таклиф қилиши мумкин.
Дублин университети коллежи профессори Эмма Тилингнинг айтишича, улар декодлаштирган «мукаммал» генетик кетма-кетликлар кўршапалакларнинг «истисноли иммунитети» мавжудлигини кўрсатди.
«Ғилдиракни қайтадан ихтиро қилишимиз шарт эмас. Энди қўлимизда ташлашимиз керак бўлган қадамларни англашга ёрдам берувчи воситалар бор. Бунинг учун дориларни ишлаб чиқишимиз лозим», деди Тилинг.
Профессор Тилинг – Bat1K лойиҳаси асосчиларидан бири бўлиб, ушбу лойиҳанинг мақсади 1421 турдаги кўршапалакнинг генетик кодларини декодлашдан иборатдир.
Тилингнинг таъкидлашича, тадқиқ этилаётган генлар инсонларнинг қариш жараёнининг олдини олиш ва касалликларни камайтириш учун қўллаш мумкин бўлган генетик ечимларни аниқлашда қўл келади.
Янги турдаги коронавирус – Covid-19 кўршапалаклардан чиққани ва ҳануз аниқлай олинмаган қандайдир бошқа бир ҳайвон орқали инсонга юққани тахмин қилинади. Sars, Mers ва Эбола каби бир қатор бошқа касалликлар ҳам одамларга шу йўл билан юққанди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мутахассисларининг таъкидлашича, кўршапакларни айбдор қилиш керак эмас ва улар табиий ҳолатда инсон саломатлигига жуда кам хавф туғдиради.
Кўршапалаклар табиат мувозанатида ҳам жуда муҳим ўрин тутади. Кўпчилиги мева уруғларини тарқатади, баъзи турлари эса бир кечада миллионлаб тонна ҳашаротларни ейди.
Тадқиқотлар нимани очиб берди?
Халқаро тадқиқот гуруҳи замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда кўршапалакларнинг генетик тузилишига оид шифрни ечди.
Мутахассислар кўршапалакларнинг генетик хариталарини уларнинг ҳаёт шажараларидаги 42 турдаги бошқа сутэмизувчилар билан солиштиришди.
Кўршапалакларнинг энг яқин қариндошлари қаторида итлар, мушуклар, панголинлар, китлар ва туёқли сутемизувчилар бор.
















