Жаҳон | 18:41 / 24.07.2020
68476
3 дақиқада ўқилади

Россия халқаро авиақатновларни тикламоқда. 1 августдан бошлаб уч мамлакатга парвоз қилиш мумкин

Россия бош вазири Михаил Мишустин 1 августдан бошлаб халқаро авиарейслар қайта тикланишини маълум қилди. Биринчи босқичда парвозлар фақат учта шаҳар - Москва, Санкт-Петербург ва Ростов-Дондан амалга оширилади.

Фото: Александр Авилов

«Медуза»нинг ёзишича, ҳозирча ҳаво қатнови бор-йўғи уч мамлакат - Буюк Британия, Туркия ва Танзания билан келишилган. Шу билан бирга, Россия илгари Танзания билан тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширмаган - у энди пайдо бўлиши ҳам ҳали аниқ эмас. Туркиянинг Анқара ва Истанбул шаҳарларига мунтазам рейслар эса 1 августдан бошланади, 10 августдан курортларга - Анталия, Бодрум ва Даламанга парвоз қилиш мумкин. Буюк Британия билан боғлиқ ҳолатда парвозлар биринчи босқичда Лондонга бошланади - шу билан бирга, Россия ҳукумати бу мамлакатда келганлардан 14 кунлик мажбурий ўзини ўзи яккалаш режимига риоя қилиш борасида талаб мавжудлигини эслатди (Туркия ва Танзанияда бундай талаблар йўқ). Бош вазир ўринбосари Татьяна Голикованинг таъкидлашича, мамлакатлар рўйхати яқин келажакда кенгайиб боради. Транспорт вазирлиги раҳбари Евгений Дитрих Россия ҳозирда 30 мамлакат билан музокаралар олиб бораётганини тушунтирди.

Россияга кириш учун чет элликлар коронавирус бўйича тест натижасига эга бўлиши лозим, у парвоздан 48 соат олдин ўтказилиши керак. Мамлакатга қайтган Россия фуқаролари тестсиз учиб келишлари ва уни чегарани кесиб ўтгандан кейин уч кун ичида ўтказишлари мумкин. Акс ҳолда, улар 14 кун карантинга жойлаштирилади. Россияга келадиган чет эллик ишчилар учун тест натижаси бўлса ҳам карантин қоидаси мажбурийдир.

Расмийлар бундан олдин Россия ҳаво қатновини фақат ўзаро келишув асосида қайта тиклашини таъкидлаган - агар хорижий давлатлар россияликларга чекловларсиз киришга рухсат беришга тайёр бўлса. Бу яқин орада Европа иттифоқига парвозлар қайта тикланиши эҳтимолдан йироқ эканини англатади: Европа комиссиясининг тавсияларига кўра, сўнгги 14 кун ичида касалланиш ҳолатлари сони 100 минг аҳолига 20 кишидан ошмаган мамлакатлардан ЕИга киришга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Россия аҳолиси сони ҳисобга олинса, бу кунига икки мингга яқин ҳолатни билдиради - яъни, ҳозир рўйхатга олинаётганларга нисбатан қарийб уч баравар кам.

Россия март ойи охирида халқаро рейсларни тўхтатди. Тахминан шу вақтнинг ўзида чегара орқали ўтиш пунктларида транспорт ҳаракати тўхтатилди - шу тариқа, Россия фуқаролари мамлакатни тарк этиш имкониятидан деярли маҳрум бўлди. Май ойидан бошлаб, чет элда яшаш учун рухсатнома эгаларига Россиядан бир марта чиқишга, июнь ойида эса чет эл компаниялари ходимлари, талабалар, чет элда яшайдиган ва парваришга муҳтож одамларнинг қариндошларига бир марта чиқиб кетишга рухсат берилди. Бундан ташқари, бир вақтнинг ўзида уларга даволаниш учун чиқишга ҳам рухсат берилди.

Мавзуга оид