Солиқ кодексига мувофиқ, солиқ аудити солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг муайян давр учун солиқлар ва йиғимларнинг ҳисобланиши ҳамда тўланишининг тўғрилигини текшириш мақсадида, унинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослаш йўли билан ўтказилади.
 
Norma’нинг ёзишича, жиноят иши доирасида солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш Жиноят-процессуал кодекс ва Солиқ кодекси талаблари асосида ўтказилади.
 
Низомга мувофиқ, солиқ аудити қуйидаги солиқ тўловчиларда ўтказилади:

солиқ органида хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган ахборот тизими («Таҳлика-таҳлил» дастурий маҳсулоти) орқали аниқланган, юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган;

камерал солиқ текшируви натижаси бўйича солиқ органининг талабномасига жавобан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган (шу жумладан, аниқлаштирилган талабномадан кейин), аниқланган тафовутлар бўйича асос келтирмаган ёки тақдим қилинган асосномалар етарли эмас деб топилган юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган;

ихтиёрий тугатилаётган;

жиноий иш қўзғатилган;

аввал ўтказилган солиқ аудити чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган. 
 
Солиқ аудити:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари томонидан ўз ҳудудида солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган солиқ тўловчиларда;

йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан йирик солиқ тўловчиларда;

Давлат солиқ қўмитаси томонидан юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда ўтказилади.
 
Низомда назарда тутилишича, солиқ аудити:

солиқ органининг буйруғига асосан ўтказилади, унда қуйидагилар кўрсатилади: солиқ аудити ўтказиш учун асослар, солиқ тўловчининг номи ва СТИРи, солиқ аудитини ўтказувчи шахсларнинг Ф.И.О. ва лавозими, солиқ аудитини ўтказиш муддати ва унинг мақсади. Бир вақтнинг ўзида солиқ аудитини ўтказиш дастури ҳам тасдиқланади;