Шу кунларда Жасур Жалолиддиновнинг трансфери ҳақида нафақат Ўзбекистонда, балки Россияда ҳам кўп муҳокама бўляпти. Бу борадаги саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Бунёдкор» клуби бош мураббийи Вадим Абрамов билан суҳбатлашдик.

Жалолиддиновнинг трансфери

Охирги вақтларда Жасур Жалолиддиновнинг трансфери борасида муҳокамалар кўп бўлмоқда. Келаси мавсумда ЕЧЛ гуруҳ босқичида ўйнайдиган Москванинг «Локомотив» клуби 2002 йилда туғилган ўзбекистонлик футболчи билан шартнома имзолашга яқин турибди. Бу трансфернинг суммаси ҳам аниқ – 350 минг евро. Аммо рус нашрларида трансфер «Локомотив»га 1 миллион еврога тушиши, катта пулни футболчининг агенти олиши ҳақида ҳабар пайдо бўлди. Кейинчалик бу трансфердан «Бунёдкор» бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам манфаатдор экани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Абрамов бу борада саволларга жавоб берди.

«Бу трансфер қандай содир бўлгани ҳақида қисқача гапирадиган бўлсам, аввалига уни энг кучли ёш футболчилар 50талигига киритишди. Кейин Италияга бориб келди. Футбол кўриб юрган одам бизда шундай истеъдодли болакай борлигини билиши табиий эди. Уни кузата бошлашди ва менга алоқага чиқиб, Жалолиддиновнинг қандай футболчи экани ҳақида сўрай бошлашди. Нафақат менга, исталган жамоанинг бош мураббийига шогирди ҳақида маълумот сўраб чиқишлари одатий ҳол. Бунгача Испаниядан ҳам у ҳақда сўрашганди. Ўзбекистондаги кўп футболчилар ҳақида мендан сўрашади.

Менга Юра Белоус қўнғироқ қилди ва Жалолиддинов билан қандай боғланиш мумкинлигини сўради. Мен у билан танишман. Биз ўшанда БААда ОЧЛ ўйинида қатнашиш учун боргандик. Ўша ерда улар кўришиб, танишишди. Белоус унинг агентига айланди ва улар таклифлар бўйича ўзаро келишиб олишган. Менимча, ундан миннатдор бўлишимиз керак. Чунки Жалолиддиновнинг биз билан ярим йиллик шартномаси қолган ва агар биз уни «Локомотив»га бермасак, футболчи бепул кетиши мумкин эди. «Бунёдкор»дан қанча футболчилар шунчаки бепул кетиб қолишган.

Бу мавзу ҳақида бемаза гапларни ёзаётганлар бошқача ишлашга ўрганишган. Биз эса қандай ишлаш керак бўлса, шундай ишлаяпмиз. Биз Жасурни шунчаки «Локомотив»га қўйиб юбормадик, бу учун пул ишладик. Мен миллий жамоа бош мураббийи сифатида унинг «Локомотив»да ўйнаб кетишидан фақат хурсанд бўламан. Ҳозир Остун Ўрунов, Элдор Шомуродовлар Россияда яхши ўйнашмоқда. Олдинроқ Одил Аҳмедов бу чемпионатда ўзини кўрсатганди. Айнан улар сабаб бугун ўзбек футболчиларини Россияга чақира бошлашди. Бунгача Хитой биринчи лигасига, Малайзияга, Индонезияга бепул кетишарди.