Тошкентнинг «Локомотив» клубидаги 7 йиллик фаолиятидан кейин йил бошида «темирйўлчилар» сафини тарк этган Ислом Тўхтахўжаев ҳам легионерга айланганди. Ўзбекистон миллий жамоасига номзод бўлган 30 ёшли ҳимоячи Хитойнинг 2-лигаси баҳсларида иштирок этувчи «Шеньян Урбан» клуби сафига қўшилиб, карантин туфайли яна юртимизга қайтган бўлса-да, май ойидан яна янги клуби билан машғулотларни бошлаган. Tribuna.uz сайти у билан боғланиб, Хитойдаги фаолияти ва бошқа мавзуларда суҳбатлашди.

- Ислом, неча ойдирки сиз ҳақингизда айтарли маълумот йўқ. Ҳозирда қаерда ва нима билан бандсиз?

- Ҳозирда янги клубим «Шеньян Урбан» сафида мавсум олди машғулотларни давом эттиряпман. Деярли ҳар ҳафта ўртоқлик учрашувлари ўтказиб, янги мавсумга пухта ҳозирлик кўришга ҳаракат қиляпмиз.

- Шартнома неча йилга тузилган? Умуман ҳозирги шароитингиздан қониқяпсизми?

- Клуб томонидан яратиб берилган шароитлардан нолимайман, Худога шукр ҳаммаси яхши. Янги жамоам билан «1+1» кўринишидаги шартнома тузганман. Икки томон ҳам ҳамкорликдан қониқсак, келишувни яна бир йилга узайтиришимиз мумкин бўлади.

- Иккинчи лига ўйинлари қачон бошланади? Умуман, сиз ўйнаётган клуб чемпионатда ўз олдига қандай мақсадлар қўйган?

- Биласиз, 25 июлдан Хитой Суперлигаси баҳслари старт олди. Қуйи лига ўйинларини 9 августдан бошланади дейишганди, аммо лига раҳбарияти қарори билан чемпионат 15 август куни бошланадиган бўлди. Ҳар ҳафта назорат учрашувлари ўтказиб, баҳсларни интизорлик билан кутяпмиз.

- 20 ёшингиздан бери миллий жамоада тўп суриб келяпсиз. 11 йилдирки Ўзбекистоннинг энг етакчи ҳимоячиларидан бирисиз. Ўтган давр мобайнида хорижда ўйнаш хоҳиши бўлмаганми ёки ўзингиз хоҳлаган шартларга эриша олмаганмисиз? Нимага айнан бу йил легионерга айландингиз? Яна ҳам Хитой қуйи лигасига...

- Чинданам миллий жамоада ўйнаётганимга ҳам 11 йил бўлди. Ўтган йиллар давомида хориж клубларидан бир қатор таклифлар бўлган, аммо ҳар сафар қандайдир сабаблар чиқиб легионер бўла олмагандим. Гоҳида келиша олмаганмиз, гоҳида эса жамоа ёқмаган, бир сафар эса трансферимни сотиб олишни истамаган. Бу ҳам тақдирдан. Энди насиб қилган экан, легионерга айландик. Бу йил олдимда аниқ таклиф тушгани учун ўзим ҳам муҳитни, об-ҳавони алмаштиришга қарор қилдим.