Ўзбекистон миллий жамоаси тўғридан тўғри жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиши учун 18 очко кифоя қилди. Очколар сони яна ошиши ва ҳатто гуруҳда Эронни қувиб ўтиб биринчи ўринга ҳам чиқиб олиш мумкин. Келинг воқеалар ривожида шошмайлик-да, мазкур йўлланмани қўлга киритишда ҳисса қўшган футболчилар, ҳал қилувчи сўнгги босқичда кимлар ва қандай иштирок этгани ҳақида тўхталсак.

Энг яхши ва барқарор: Ўткир Юсупов

Сўнгги босқичдаги барча учрашувларда тўлиқ иштирок этган ягона футболчимиз – дарвозабон Ўткир Юсуповдир. У 9 учрашувдан 6 тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олгани, уч ўйинда расман «энг яхши футболчи» деб топилгани, Шимолий Кореяга қарши икки учрашувда пеналти қайтариб, қимматли очколарни олиб келгани таҳсинга сазовор. Ўткир шунингдек, 9 турдан 3 тасида Осиё рамзий жамоасига киритилди. Ундан ташқари, вакилларимиздан тур рамзий жамоасига икки марта Аббосбек Файзуллаев ва бир марта Отабек Шукуров киритилган.

Ўткир Юсупов бутун Осиё саралашини эътиборга олсак ҳам, сўнгги босқичда сейвлар нисбати бўйича фақат Япония посбони Зион Сузукидан ортда қолди холос. 90 дақиқада ўртача қутқаришлар сони бўйича эса Юсупов Осиёда энг яхши – ўртача 3,3 та сейв.  

Барча учрашувларда бошланғич таркибдан жой олган иккинчи футболчимиз Одил Ҳамробековдир. Ўткирдан фарқли равишда Одил Эрон ва БААга қарши кечган охирги ўйинларнинг 86-дақиқасида алмаштирилган.

Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров ва Жалолиддин Машарипов жароҳат туфайли биттадан ўйинни ўтказиб юборишига тўғри келди.

Яна икки футболчи сўнгги босқичнинг барча ўйинида қатнашган – Файзуллаев ва Алижонов. Фақат иккиси ҳам баъзи ўйинларни илк дақиқалардан бошламай, захирадан туширилган.

Энг сермаҳсул футболчи: Аббосбек Файзуллаев, 4 гол ва 1 ассист

Юқорида тилга олингандек, Файзуллаев ҳам икки марта тур рамзий жамоасидан жой олди. У сўнгги босқичда энг кўп – 4 марта рақиб дарвозасини ишғол қилди. Қолган 7 гол 7 футболчи номига ёзилган. Аббосбекнинг айниқса Шимолий Корея дарвозасига урган ғалаба голи ва Эронда очко келтирган жарима зарбаси якунда жуда аҳамиятли бўлиб чиқди. Афсуски, Қатарда урилган икки чиройли гол бесамар кетди, акс ҳолда мундиал масаласи март ойидаёқ ҳал қилиниши мумкин эди.