Kun.uz мухбири Тошкент шаҳар Новза жоме масжиди имом хатиби Жалолиддин домла Ҳамроқулов билан Зулҳижжа ойи, унинг дастлабки 10 кунлиги фазилати, Қурбон ҳайити, қурбонлик ҳукмига доир масалаларда суҳбат уюштирди. Мулоқот чоғида бугунги кундаги асосий мавзу – хасталиклардан даволаниш ва фақат Яратгандан сўраш борасидаги Ислом таълимоти ҳақида ҳам сўз борди.

Қуйида Ислом динида даволаниш ва дуо қилиб сўраш борасида қандай йўл тутилиши ҳақида билимларга эга бўлишингиз мумкин.

– Ижтимоий тармоқларда ватандошларимиз иккига бўлиниб қолгандек. Кимдир шу касаллик юзасидан даволаниш керак дейди, яна бошқа тоифа «йўқ, фақат Аллоҳдан сўраш керак, тақдирда бори бўлади», деб қўйишади. Албатта, мусулмон сифатида Аллоҳдан сўраш кераклигини эътироф этамиз, лекин динимизда касалликни енгиш учун даволанишнинг ўрни, ҳукми қандай?

– Жуда ҳам ўринли савол бўлди. Мана машҳур ҳадис – Саъд ибн Абу Ваққос розиаллоҳу анҳу айтадилар: «Бетоб бўлиб қолдим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўргани келдилар. Шунда кўксимга қўлларини қўйдилар, мен унинг муздайлигини ҳис қилдим ва менга «даволангин, Бани Сақиф қабиласидан бўлган табибга бор. У хурмони олсин-да, данаги билан янчиб берсин», дедилар. Шундай қилган эдим, шифо топдим».

Бундан бошқа саҳиҳ ҳадисларда ҳам пайғамбаримиз: «Даволанинглар, Аллоҳ осмондан қандай дард туширган бўлса, давосини ҳам туширган», деганлар. Даво қидиришлик қанчалик муҳим бўлса, даволанишлик ҳам шунчалик муҳимлиги эслатиб ўтилган.

Бу ерда табобат илми эгаларини ўша касалликни тузатишликка ҳаракат қилишлиги, устида ишлашлиги ва дори-дармон топишлигининг қанчалик шартлиги шу ҳадисларда кўринади. Чунки Расулимиз даволанинглар деб буюряптилар. Қандай дард тушган бўлса, унга қўшиб давосиям туширилган.

Бемор бўлган инсон ҳам Аллоҳ дард берибди, бўлди энди деб эмас, ҳаракат қилиб берилган давосини топишга уриниши керак. Бундан кўринадики, юқоридаги икки тарафдаги тушунча ҳам муолажа қилишликка муҳтож.

Албатта, бугунги кундаги пандемия бўлсин ёки бошқа касалликлар бўлсин, ҳеч бир нарса Аллоҳнинг иродасисиз бўлмайди ва ўз ўрнида айтиш керакки, шу касалликдан омонда бўлса, ўзини қаҳрамон ҳис қилмасин. Мен зўрман, иммунитетим бақувват ёки қоидаларга риоя қилганим билан касал бўлмаяпман, демасин. Чунки Аллоҳнинг фазли билан шу касалликдан омонда юрибди.