Жамият | 17:57 / 27.07.2020
11985
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда корхона фаолиятини тўхтатди – хом ашё икки йилда 4 баравар қимматлаган

Ёғоч-қириндили плиталар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Surxon KSP-Grand» корхонаси 2018 йилда «Surxon sanoat qurilish» компанияси негизида фаолиятини бошлаган. Ўшанда президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида фаолият йўналиши билан танишиб, корхона ташкил этилишини маъқуллаган эди.

Шу кунгача корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 30 минг метр куб ЁҚП (ДСП) бўлган. Қўшимча тарзда ЁҚПни ламинатлаш ва тайёр мебел ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган.

Kun.uz мухбири хабар беришича, «Surxon KSP-Grand» корхонаси 16 июль куни ўз фаолиятини тўхтатган ҳамда 3,5 мингдан ортиқ доимий ва мавсумий ишчисини номаълум муддатга ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига чиқарган.

«Surxon sanoat qurilish» компанияси матбуот хизмати маълумот беришича, ёғоч-қириндили плиталар ишлаб чиқаришда асосий хом ашё ҳисобланган елим нархи сўнгги икки йил ичида 4 бараварга оширилиши маҳсулот таннархи кескин кўтарилиши ва шу турдаги импорт маҳсулотлар билан рақобатбардошлиги йўқолишига олиб келади. Бундай пайтда эса фаолиятни тўхтатишдан ўзга чора йўқ.  

Компания келгусида Музработ туманида йилига 150 минг метр куб ЁҚП ишлаб чиқариши мумкин бўлган корхонани ишга туширишни режалаштирганди. Айни кўрсаткич мамлакатнинг шу турдаги маҳсулотга бўлган эҳтиёжининг 32 фоизини қопларди, шунингдек, 15 минг аҳоли иш ўрни билан таъминланарди.

Юзага келган муаммо туфайли ушбу режанинг амалга ошиши савол остида қолган. Ички эҳтиёж эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари эмас, импорт маҳсулотлар ҳисобига қопланишда давом этади.

Мавзуга оид