Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Саудия Арабистони хориждан келадиган мусулмонларнинг Ҳаж мавсумида иштирок этишини тақиқлашга мажбур бўлди. Рухсат берилган 10 минг кишидан 30 фоизи – подшоҳликнинг ўз фуқаролари бўлса, қолган 70 фоизини хориж фуқаролари – Саудия резидентлари ташкил этади.

Зиёратчилар даставвал ўз уйларида, Ҳаж бошланишидан бевосита олдин эса тўрт кун мобайнида меҳмонхоналарда карантинда сақланган, коронавирусга тест топширишган. Улар Ҳаж якунланганидан кейин ҳам бир муддат карантинда бўлишлари талаб этилади.

https://ok.ru/videoembed/1698758724236

Беш кун давомида адо этиладиган Ҳаж ибодатларида барча иштирокчилар тўлиқ тиббий ниқобда бўлишлари ва ижтимоий масофа сақлашлари шартлиги, мунтазам равишда тана ҳароратлари ўлчаб турилиши белгиланган.

«Ал-Жазира» хабарига кўра, зиёратчилардан улар қаерларда бўлганини қайд этиб борувчи, билакка тақиладиган электрон қурилмаларни тақиб юриш сўралмоқда.

Бу йил эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, Каъбани 7 маротаба айланиш (тавоф) чоғида байтуллоҳни ўпиш ёки уни ушлашга уриниш тақиқланган. Шу мақсадда Каъба атрофи тўсиқ билан ўралган.

Фото: Getty Images
Фото: Getty Images

Шунингдек, Макка шаҳри яқинида, Мино водийсида шайтонга тош отиладиган жойда йиғилувчилар бир вақтнинг ўзида 50 кишидан ошмаслиги керак.

Муздалифа водийси ва Арофат тепалигида зиёратчилар ҳар 50 кв метрга 10 кишидан бўлиб жойлашишади, чодирлар орасидаги масофа 1,5 метрдан кам бўлмаслиги талаб этилади.

Фото: Getty Images