Давлат экология қўмитаси раиси Шавкатжон Абдураззақов бошчилигида 28 июль куни бошланган ушбу акция дарахтларни асраб қолиш ва уларни парваришлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга йўналтирилган бўлиб, маълум маънода Ўзбекистонда биринчи марта ташкиллаштирилган тадбир ҳисобланади.

2etaXMwsnR_kfQov8W99Sm57kCVxhaJn.jpg (1280×960)

Meros фонди Давлат экология қўмитаси билан ҳамкорликда жорий йил бошидан «Yashil Vatanim» лойиҳаси доирасида қатор тадбирларни ўтказган эди. Хусусан шу йилнинг ўзида фонд томонидан 60 000 атрофида кўчатларни ўтказиш ташкиллаштирилди.

Мазкур акциянинг ғояси ва вазифалари ҳақида Meros хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси Абдурашид Иминов сўзлаб берди: 

«Ҳар йили турли давлат ва нодавлат лойиҳалар доирасида мамлакатимиз ҳудуди кўплаб кўчатлар экиш орқали кўкаламзорлаштирилади. Аммо суғорув ишларининг етарли эмаслиги ва агротехник нормаларга амал қилмаслик оқибатида кўп дарахтлар нобуд бўлади. 

«Дарахтларни суғориш ҳафталиги» акцияси кўкаламзорлаштириш самарадорлигини таъминлаш, ўсимликларни парваришлаш масаласида Ўзбекистон аҳолисининг билимларини ошириш ва, албатта, мамлакатимизнинг табиий фондига ғамхўрлик қилиш ва уни кўпайтириш ишига ўз ҳиссамизни қўшишга қаратилган».

Акцияни ўтказиш ғоясининг ташаббускорларидан бири Давлат экология қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Нодиржон Юнусов таъкидлаб ўтганидек: «Шаҳарларни кўкаламзорлаштириш нафақат кўчатларни экиш, балки улар парваришини таъминлаш ва асрашдан иборат. Умид қиламизки, ушбу кичик қадам бефарқ бўлмаган ҳар бир кишининг масалага бўлган эътиборини ошириб, дарахтларни парваришлаш бўйича тизимли ечимлар яратилишига туртки бўлиб хизмат қилади».