Ҳафталардан буён ўлимлар қайси санада рўй бергани очиқланмаяпти. Расмий хабарларда барча вафот этганлар шифохонада даволаниши жараёнида мутахассислар томонидан «консультация ва консилиумлар қилингани, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилгани» алоҳида таъкидланади.

ССВ расман қайд этган қурбонлар сони 131тани ташкил этмоқда.

Яккасарой туманида яшаган ва 19 июлда коронавирус ташхиси қўйилган 52 ёшли эркак вафот этди.

Тошкент шаҳар Яккасарой туманида яшаган 52 ёшли О.Т. (эркак)да жорий йил 19 июль куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва Зангиота туманидаги Республика ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир респиратор дисстрес синдром, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Беморнинг аҳволи асосий касаллик асоратлари ҳисобига кескин оғирлашиб, реанимацион муолажаларга қарамай ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Ўзбекистон Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов 55 ёшида коронавирус асоратларидан вафот этди.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида яшаган 55 ёшли Ё.Т. (эркак)да жорий йил 20 июль куни тана ҳарорати кўтарилган ва хусусий тиббиёт муассасаси шифокорларининг тавсияси асосида уй шароитида ва хусусий шифохонада даволанган.

27 июль куни эса ўта оғир ҳолатда Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, ўпка шиши, гипергликемик кома каби асоратлар билан кечган.

Шунингдек, бемор қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шиши, гипергликемик комадан вафот этган.

Сирдарё вилоятида 70 ёшли отахон коронавирус қурбони бўлди. У 27 июль куни шифохонага ётқизилган.