Қўшма Штатларда 99 цент, Aнглияда 99 пенс, Россияда 99 копейка, бизда 99 сўм. Кўпчиликни ўйлантирадиган савол: нега кўп маҳсулотларнинг нархи 99 ёки 90 сони билан тугайди? Шуни яхлит қилиб ноль билан тугатса бўлмайдими?
Жозибадор нархлар
Психологлар илгари сурган назарияга кўра, 99,99 ва 100 доллар қийматлари инсон миясида мутлақо бир-биридан фарқ қилади.
Iqtisod Plus’нинг ёзишича, иқтисодий нуқтайи назардан, 99,99 доллар ва 100 доллар деярли битта нарса, фарқ 0.01 фоиз (фоизнинг юздан бир қисми)ни ташкил этади. Ушбу қиймат шунчалик кичикки, аксарият иқтисодий ҳисоб-китобларда унга эътибор ҳам берилмайди.
Инглизлар охири тўққиз билан тугайдиган нархларни charm prices, яъни «жозибадор нархлар» деб аташади. Ўтган асрнинг охирида олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ҳар қанақа нархга қараганда охирги рақами тўққиз билан тугайдиган товарлар кўпроқ сотилади.
Қизиғи шундаки, тажриба учун ҳаттоки нархи $36 турадиган товарни атайин $39 қилиб белгилашади. Натижа ҳайратланарли – нархи ошган товарнинг савдоси 30 фоизга кўпаяди.
Биринчи рақам ҳаммасидан ҳам муҳим
Харидор нархни чапдан ўнгга ўқийди ва ўз-ўзидан чапдаги биринчи рақам энг муҳими деган фикр мияга ўрнашиб қолган. Масалан, китобнинг нархи 19,999 сўм бўлса, одамлар буни «19 мингдан сал ошиқроқ» сифатида қабул қилишади ва арзон деб билишади. Ҳолбуки, бу китоб 20,000 сўм турса, харидорда унинг нархи қиммат деган тушунча пайдо бўлади.
Яна бир қизиқ тажриба. Дўконда картошкали чип қадоғининг кичиги 3 доллар, каттаси 5 доллардан сотилмоқда дейлик. Одамлар учун ўртадаги 2 долларлик фарқ кичик бўлиб кўринади ва катта қадоқдан сотиб олади. Аммо агар кичик қадоқ нархини 2.99 доллар, каттасини 4.99 доллар қилиб белгиласангиз, одамлар учун улар ўртасидаги нарх каттадек туюлади ва аксарият кичкина қадоқни харид қилади.
«Тўққизлик» нархлардан йирик компаниялар ҳам фойдаланиб келади. Масалан, Apple. Ўз вақтида Стив Жобс iTunes Stores'даги қўшиқларни альбом шаклида эмас, ҳар бири учун 99 центдан қилиб, доналаб сотишни таклиф қилади. Натижада дастлабки 6 кун ичидаёқ 1 миллионта қўшиқ сотилади.
Чақалар эвазига газета















