Тиббиёт таълими илғор мамлакатлар ҳақида гап кетганда кўплаб давлатларни санаб ўтиш мумкин. Аммо факт шуки, таълимнинг бошқа йўналишлари қатори медицинада ҳам АҚШ ва Буюк Британия университетларига етадигани кўп эмас.

Нуфузли QS World University Rankings рейтингининг амалдаги талқинига кўра, дунёдаги энг яхши 20та тиббиёт ОТМдан 16таси АҚШ ва Буюк Британияда жойлашган.

Лондондаги Қирол коллежи – King’s College ҳам ана шу кучли йигирматаликдаги университетлардан бири. Биз Буюк Британияга сафаримиз мобайнида ушбу коллежда бўлиб, у ерда тиббиёт йўналишида таҳсил олаётган Анваржон Муҳаммадаминов билан суҳбатлашдик.

Анваржон айни пайтда 4-курсни тамомлаган, бир йилдан сўнг тиббиёт бакалаври дипломини олади. У асрлардан буён тиббиётдан таълим бериб келадиган машҳур коллеждаги таълим жараёнлари ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Анваржоннинг айтишича, Қирол коллежининг Тиббиёт факультети – Англиядаги энг узоқ тарихга эга таълим масканларидан бири. Маълумотларга кўра, факультет асослари 1173 йилда таълим берилувчи госпиталь сифатида очилган шифохонага бориб тақалади. Муассаса 1550 йилга келиб, расман тиббиёт олийгоҳи (medical school) мақомини олган.

Факультет шаҳарнинг тарихий марказида, Лондон кўприги яқинида жойлашган экан. Олийгоҳнинг узоқ ўтмишга эга экани бир қарашдаёқ кўзга ташланади: ўрта асрлар Англиясига монанд архитектуравий услубдаги бинолар оҳори тўкилган бўлса-да, ўз жозибасини йўқотмаган ва ҳамон фойдаланишда.

Кампус бўйлаб юрар экансиз, бир нечта ҳайкаллар, соя-салқин хиёбон ва чим устида дарс билан машғул ёки шунчаки суҳбатлашиб ўтирган кўплаб талабаларни учратасиз (Британияда пандемия тарқалишидан аввал бўлиб қайтган эдик). Анваржон билан факультетнинг талабалар билан тўла кутубхонаси, маъруза заллари ва семинар хоналарида бўлиб, замонавий университетдаги академик ҳаёт муҳитига гувоҳ бўлдик: турли миллат ва ирққа мансуб, мажбурий формасиз, елкасига рюкзак ортган, қўлида гаджетлардан ташқари бир нечталаб китоблар олиб юрган ёшлар, технологик жиҳозланган дарс хоналари...