Ўзбекистон | 16:34 / 01.08.2020
21211
2 дақиқада ўқилади

Бир марталик моддий ёрдамни тарқатиш тартиби ҳақида маълумот берилди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Аҳрор Ғуломов «темир дафтар»га киритилган оилаларни бир марталик пул тарқатиш йўли билан моддий қўллаб-қувватлаш тартиби ҳақида маълумот берди.

Фото: Telegram /Paytaxt_City

«Барча сектор ва маҳаллаларда штаблар тузилади. Туман ва шаҳарлардаги 4та сектор раҳбарлари ўзларининг штаб аъзолари ва маҳалла раислари билан бирга ҳар бир маҳалла кесимида «темир дафтар»га киритилган муҳтож оилаларнинг ҳаққоний рўйхатини яна бир бор қайта кўриб чиқади. Карантин вақтида ҳақиқатан муҳтожларнинг рўйхатини шакллантиради.

Тўловларни амалга ошириш учун маҳаллалар кесимида маблағ тарқатиладиган кун, соати ва жойи аниқ кўрсатилган ҳолда графиклар тасдиқланади. Тўртта сектор раҳбари томонидан олувчиларни хабардор қилиш учун графиклар маҳаллалар ва тижорат банкларига етказиб берилади.

Маҳалла раиси ва сектор раҳбарларининг ишчи гуруҳи уйма-уй юриш ва телефон орқали ҳар бир олувчига моддий ёрдам бериладиган вақт ва жойи тўғрисида шахсан хабардор қилади. Тижорат банклари маблағларни ўз муддатида тўлаш учун график асосида ходим ва транспорт воситаси ажратади.

Маблағлар белгиланган вақт ва жойларда тўлов ведомостларига асосан нақд пулда ҳар бир моддий ёрдам олувчига паспорт асосида тўлаб берилади», – деди Аҳрор Ғуломов 1 июль куни АОКАдаги брифингда.

Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан, «темир дафтар»га киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилага республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган.

Мавзуга оид