1988 йилда, Ироқ-Эрон уруши тугаганидан сўнг Ироқ иқтисодий муаммоларга дуч кела бошлайди. Мамлакат Эрон билан уришиб юрганида Саудия Арабистони ва Кувайтдан катта миқдорда қарз бўлган, энди ўша қарзларини қайтариши керак эди. Урушдан чарчаб чиққан Ироқда ўша қарзларни қайтаришга етарли маблағ йўқ эди.

Бу муаммони ечишда Ироқ президенти Саддам Ҳусайн агрессив йўлдан кетади. У Кувайтни баҳсли ҳудудлардан бири бўлган Румейладан ноқонуний нефть қазиб олишда айблаб, ундан Ироқ-Эрон уруши пайтида берилган 17 миллиард доллар миқдоридаги қарздан кечишни ва яна 2,4 миллиард доллар миқдорида товон пули тўлашни талаб қила бошлайди. Табийки, Кувайт буни рад этади.

Урушнинг бошланиши

Саддам Ҳусайн © STR New/Reuters

1990 йил 31 июль куни Саудия Арабистонининг Жезде шаҳрида ўзаро низолар юзасидан Ироқ-Кувайт музокаралари бўлиб ўтади. Аммо музокара натижасиз тугайди. Орадан икки кун ўтиб, 1990 йил 2 август куни Ироқ қўшинлари Кувайтга бостириб киради, Кувайт амири Жобир ас-Сабоҳ Саудия Арабистонига қочиб кетади.

Ироқ қўшинлари Кувайтни босиб олган куннинг ўзида БМТ Хавфсизлик Кенгаши 660-сонли резолюцияни қабул қилади. Унда Ироққа Кувайтдан ўз қўшинларини дарҳол олиб чиқиб кетиш талаби қўйилади. Ироқ БМТ талабини рад этди ва Кувайтни ўз таркибига қўшиб олиб, уни ўзининг 19-провинцияси деб эълон қилади.

Ўша пайтда кўплаб халқаро ташкилотлар ва давлат раҳбарлари Саддам Ҳусайндан ўз қўшинларини Кувайтдан дарҳол олиб чиқиб кетишни талаб қилишади. У бу талабларни эътиборсиз қолдиради.

«Саҳродаги бўрон»

АҚШ армияси Кувайт чегараси томон ҳаракатланмоқда, 1991 йил январь
© AP Photo/DOD Pool/Peter Dejong

Ироқ БМТ резолюциясини писанд қилмаганидан кейин, АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги зудлик билан Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаш режасини туза бошайди. Режага шартли равишда «Саҳродаги бўрон» деб ном берилади. Режада аввал Ироқдаги муҳим объектларга ҳаводан зарба бериш, сўнг қуруқликдаги қўшинларни ҳаракатга келтириш белгиланган эди.

1990 йил 7 август кунидан бошлаб АҚШ ўз ҳарбийлари ва ҳарбий техникаларини Форс кўрфазига оммавий тарзда жўната бошлайди. БМТ ўшанда Ироққа қарши жами 12 резолюция қабул қилади. Уларда Ироққа нисбатан иқтисодий ва ҳарбий санкциялар, шунингдек Кувайтдан қўшинларни дарҳол олиб чиқиб кетиш талаблари қўйилганди.