Спорт | 18:02 / 04.08.2020
11436
13 дақиқада ўқилади

А Серия якунлари: Бошқача «Ювентус», Гасперини «болалари», энг яхши Дибала ва бошқа воқеалар

Европада энг охирги бўлиб Италия чемпионати ниҳоясига етди. Бир пайтлар Италия чемпионати зерикарли, ҳимоявий деб баҳоланарди, аммо бу сафар ундай бўлмади. Кучли бешликда энг кўп гол урилган, энг кўп пенальти тепилган чемпионат айнан Италия А Серияси бўлди ва «Олтин бутса» ҳам айнан шу чемпионатга кетадиган бўлди. 

Бошқача «Ювентус»

26 июль. Турин. Футболчилар чемпионликни нишонламоқда. Фото: «Ювентус»

«Ювентус» қаторасига тўққизинчи бор чемпионга айланган бўлса-да, бу сафар жамоа ўйинини у қадар ишончли деб бўлмайди. Ҳатто Турин жамоаси мухлислари ҳам, баъзида, ғалабали ўйинлардан норози бўлишди, Чемпионлар Лигаси олдидан қарашларни оптимистик деб бўлмайди.

Саррининг бахтига, айтайлик, икки йил олдинги «Наполи» каби 90 очко тўплайдиган барқарор жамоалар бўлмади, акс ҳолда, бемалол «Ювентус» ортда қолдирилиши мумкин эди. Ҳатто карантиндан кейинги даврда ҳам, «Лацио» ёки «Интер» барқарорроқ ўйин кўрсатганда рақобат жиддийроқ кечиши турган гап эди. «Ювентус» танаффусдан сўнг то чемпион бўлгунча ҳам, 9 ўйиндан 4тасида очко йўқотди.

Бошқа рақамлар ҳам «Ювентус»нинг сўнгги йиллардаги энг кучсиз чемпион эканини тасдиқлайди:

  • «Ювентус» 43 гол ўтказди. Бу сўнгги 62 йилдаги Италия чемпионлари ичида иккинчи ёмон натижадир.
  • Сўнгги 18 йилда биринчи марта биринчи ва иккинчи ўринлар ўртасидаги фарқ атиги 1 очкони ташкил қилди. Албатта, «Ювентус» 2 тур қолганда чемпион бўлгач, сўнгги ўйинларни ютқазганини ҳам эътиборга олиш керак.
  • Сўнгги 16 йилда А Серия чемпионлари турнирда энг кўп гол урган ва энг кам ўтказиб юборган жамоа бўларди. Бу сафар «Ювентус» урилган голлар сони бўйича 5-ўринни олди, Роналду ҳамда жамоа «Аталанта», «Интер», «Лацио» ва «Рома»дан камроқ гол урди. «Интер» ва «Лацио»дан кўпроқ гол ўтказди.
  • «Ювентус» 39 ўйинда биринчи марта ўз майдонидаги ўйинда мағлубиятга учради. 38-турда «Рома» Туриндаги ўйинда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

«Милан» қайтяптими?

Фото: Getty Images

Карантиндан кейинги давр чемпиони шубҳасиз «Милан» клуби бўлди. Танаффусгача даврни мағлубият билан тугатган «Милан»да Стефано Пиолининг ишлари шубҳа остига олинаётган бир паллада, ҳаммаси тескари тус олди – жамоа қаторасига 13 ўйинни мағлубиятсиз ўтказа олди. Атиги 4 дуранг бу ҳам «Ювентус», «Наполи» ва «Аталанта» билан ўйинларда. СПАЛга қарши ўйин ҳам омадсиз кечди, сўнгги дақиқалардаги гол эвазига ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди.

Мураббийдан ташқари, «Милан»даги бу муваффақиятли юришни, айниқса олдинги чизиқдаги уч устун – футболчига боғлаш мумкин. Ҳоқон Чалхонўғли, Златан Ибраҳимович ва Анте Ребич. Ушбу футболчилар ҳаракатлари билан «Милан» сўнгги 12 йилда илк марта қаторасига 20 ўйинда рақиб дарвозасини ишғол қила олди. Чалхонўғлида гол+пас тизимида 9+10, Ибраҳимовичда 10+5 ва Ребичда 11+3. Златан Италия чемпионатида 10та гол уришнинг уддасидан чиққан энг ёши катта футболчига айланди – 38 йил 302 кун.

«Милан»нинг мавсум сўнгида кўрсатган ўйини келаси мавсум учун қай даражада пойдевор бўлиши мумкинлигини айниқса, ёзги трансферлар ҳал қилади. Карантиндан кейинги ўйинлар «Милан»га Европа Лигаси йўлланмасидан ташқари, ўзига бўлган ишончни тақдим этди, дейиш мумкин. Пиоли қоладиган бўлди, демак, клуб ҳеч нарсани ўзгартирмасдан, бугунги ишлар устига сифатни, барқарорликни оширувчи харидлар қилиши кутилади. Бунинг устига айниқса эмоционал жиҳатдан жамоага анча ёрдам берган Златан Ибраҳимович омили янги мавсумда бу қадар бўлмайди.

Чиро Иммобиле – «Олтин бутса» соҳиби

Фото: instagram.com/official_sslazio

Франция чемпионати эрта тугатилгани, Испанияда Месси ва Роналду рақобати поёнига етгани муносабати билан «Олтин бутса» соҳиби Италиядан чиқди. А Серияда ҳаддан ташқари кўп пенальти белгилангани, масалан, Чиронинг ўзи мавсумда 13 бор нуқтадан рақиб дарвозасини ишғол қилгани катта гап, аммо «Лацио» ҳужумчиси ростан ҳам мавсумни ўта юқори савияда ўтказганини инкор қила олмаймиз.

Чиронинг 36 голи А Серияда италиялик футболчилар учун рекорд кўрсаткичдир, шунингдек, бир мавсумда голлар сони билан чемпионат рекорди соҳиби Гонсало Игуаин кўрсаткичи такрорланди. Иммобиле сафар ўйинларида 17 гол муаллифи бўлди – бу ҳам А Серия тарихидаги энг яхши натижа.

Бундан ташқари, фаолиятидаги энг яхши мавсумини ўтказган 30 ёшли ҳужумчи 9 голга ҳаммуаллифлик қилди, яъни гол+пас кўрсаткичи бўйича 45 очкони қўлга киритди. Бу натижа бўйича у Европада, аниқроғи, «кучли бешлик»да фақат Лео Мессидан ортда, холос.

Гасперини «мўъжиза»си

Фото: Getty Images

Албатта, бергамоликларнинг бу мавсумда кўрсатган ўйинларини мўъжизага тенглаштириш Гасперини меҳнатларига нисбатан адолатсизлик, шунинг учун қўштирноққа олинди. «Аталанта» намойиш қилган ўйин нафақат Италияда, балки Европада ҳам катта эътибор қозонди. Бу натижалар бир – чекланган таркиб имкониятлари, икки – асосан ёши каттароқ бўлган футболчилар билан, уч – икки фронтда ҳам бирдек муваффақият билан қайд этилгани янада кўпроқ эътирофга арзийди.

«Аталанта» чемпионатда 98 гол урди – энг яқин кўрсаткичдан 17 голга кўп. Шунингдек, рақиб дарвозасига берилган аниқ зарбалар, яратилган хавфли вазиятлар бўйича ҳам «Аталанта» лигада етакчи. Биратўла 3 футболчи мавсумда 15тадан кўп гол уришнинг уддасидан чиқди. 7 футболчи гол+пас кўрсаткичи бўйича 10тадан кўпроқ очкога эга бўлди – бу бутун Европа учун энг яхши кўрсаткич. 6 ўйинда «Аталанта» 5 ва ундан кўпроқ гол уришга муваффақ бўлди, 3 ўйинда эса рақиблар дарвозаси 7 мартадан ишғол қилинди.

Жамоанинг алоҳида топ-ўйинлардаги натижалари ҳам диққатга сазовор, айниқса, «Ювентус»га қарши ўйинда қарийб 8 дақиқа рақибга тўпни назорат қилишга имкон бермагани кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди. Гасперини шогирдлари Европа Чемпионлар Лигасида ҳам ишончли ўйин кўрсатиб, чорак финал иштирокчисига айланиб улгуришган.

Буларнинг ҳаммаси «Наполи»га сиғмай ижарама-ижара юрган Дуван Сапата, «Севилья»да асосий таркиб футболчисига айланаа олмаган Луис Муриэл, 32 ёшга кириб, ёрқин йиллари «Фиорентина»да қолган деб ҳисобланган Иличич, Украинада ўйнаб кета олмаган Руслан Малиновский, «Челси» тарбиясини кўриб, лекин «Спартак»да ҳам ўйнаб кета олмаган Пашалич каби футболчилар билан эришилгани, айнан, юқорида тилга олинган «мўъжиза» таърифига мос келади.  

Эътиборли статистика

Фото: Emilio Andreoli/Getty Images
  • Данило Д’Амброзионинг «Аталанта» дарвозасига 50-сонияда урган голи мавсумнинг энг тезкор голи бўлди.
  • Сўнгги 25 йилда илк марта «Интер» 79 очкодан кўп тўплаган ҳолда чемпион бўлолмади. 
  • «Болонья» қаторасига 33 ўйинда ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди. Бу А Сериянинг антирекорди саналади, шунингдек, бу ўйинларда ўтказилган 65 гол – «Болонья» тарихидаги энг ёмон натижа.
  • «Лечче» сўнгги 25 йилликда 52та гол уриб ҳам А Серияни тарк этган илк жамоа.
  • СПАЛ 28 ўйинда мағлубиятга учради. 2017/18 йилги мавсумдаги «Беневенто»да ёмонроқ кўрсаткич бўлган холос – 29 мағлубият.
  • Энг кўп мухлис тушган ўйин – «Интер» – «Ювентус». 7-тур. 75 923 томошабин.
  • Энг кам мухлис (карантиндан олдинги давр) «Аталанта» – «Торино» ўйинида – 8182. Аммо бу ўйин нейтрал майдонда, Пармада бўлиб ўтганини ҳам таъкидлаш керак.
  • Энг узоқ ғалабали серия «Лацио»да – 11 ўйин. Мағлубиятсиз серия ҳам римликларда – 21 ўйин. «Брешия» қаторасига 14 ўйинда ғалаба нималигини билмаган. СПАЛ ва «Кальяри» кетма-кет 4 ўйинда рақиб дарвозасига йўл топа олмаган.
  • Рақиблар дарвозасига энг кўп зарба берган футболчи – Криштиану Роналду. 208 зарбадан 80таси аниқ етиб борган. Аниқ зарбалар бўйича ҳам Роналду лигада пешқадам бўлди.
  • Энг кўп қоида бузган футболчи «Лацио» ярим ҳимоячиси Сергей Милинкович-Савич (71) бўлса, рақиблар энг кўп марта (103) Андреа Белоттига қарши қўполлик қилишган.
  • Энг зўр дриблер – Жереми Бога (Сассуоло). У 132 марта рақибларни алдаб ўтиб, бу борада яқин таъқибчиси Кастровиллидан («Фиорентина») 40тага ўзиб кетган. 
  • Энг кўп сэйв амалга оширган дарвозабон – Габриэл («Леччи») – 155та. «Удинезе» посбони Хуан Муссо эса энг кўп – 14 ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлай олган.

Энг яхши ўйинчилар

26 июль. Турин. «Ювентус» футболчилари чемпионликни нишонламоқда. Фото Reuters

Италиянинг энг нуфузли нашри La Gazzetta dello Sport мавсумнинг энг яхши ўйинчиларидан иборат юзталикни аниқлади. Бунда критериялар сифатида футболчининг ўйинларда қўлга киритган ўртача баҳоси, голлари, барқарорлиги, жамоаси ўйинига таъсири эътиборга олинди.

Бу рўйхатда энг яхши футболчи сифатида «Ювентус» ҳужумчиси Пауло Дибала эътироф этилди. Қизиғи, илк йигирматаликда чемпион клубдан атиги икки футболчи бор – Дибала ва Роналду. Португалиялик юлдуз учинчи ўринга лойиқ кўрилди.

«Аталанта» таркибидан эса, бира тўла 4 футболчи ушбу рўйхатга кирган – Гомес (4), Иличич (10), Сапата (13) ва Госенс (17). Умуман, юзталикда бергамоликлар ва «Интер» футболчилари энг кўп – 10тадан. «Аталанта»нинг 8 футболчиси 40таликда эканини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.

Қизиғи, бир қатор тушуниш қийин ҳолатлар ҳам бор. Масалан, Пьянич, Романьоли, Пашалич ва Орсолини каби футболчилар ҳатто юзталикка ҳам кира олишмаган. Софьян Амрабат эса, Иличич, Кулусевскидан ҳам юқорида, 8-ўриндан жой олган. «МЮ»га сиғмаган Крис Смоллинг «Барселона» «совчи қўйган» Лаутаро Мартинесдан тепада. OPTA ўлчовларида чемпионатнинг рамзий терма жамоасидан жой олган Фабиан Руис эса, умуман юзталикда йўқ.

Қуйида жамоалар бўйича юзталикка кирган футболчилар рўйхати:
«Ювентус» (9): Дибала (1), Роналду (3), Шченсни (24), Бонуччи (36), Куадрадо (47), Де Лигт (51), Бентанкур (61), Игуаин (68), Буффон (100)
«Интер» (10): Лукаку (5), Де Врей (25), Мартинес (29), Кандрева (42), Брозович (59), Санчес (66), Барелла (72), Янг (76), Ҳанданович (79), Бастони (85)
«Аталанта» (10): Гомес (4), Иличич (10), Сапата (13), Госенс (17), Муриэль (23), Фройлер (30), Де Рон (31), Малиновский (38), Толой (57), Кастань (84)
«Лацио» (8): Иммобиле (2), Луис Альберто (6), Милинкович-Савич (14), Ладзарри (41), Ачерби (45), Кайседо (58), Лейва (71), Стракоша (73)
«Рома» (7): Жеко (21), Смоллинг (27), Дзаньоло (33), Пеллегрини (48), Мхитарян (52), Верету (54), Коларов (91)
«Милан» (7): Ибраҳимович (7), Эрнандес (18), Ребич (26), Доннарумма (44), Беннасер (63), Чалхонўғли  (69), Кьер (90)
«Наполи» (4): Мертенс (46), Демме (65), Инсинье (74), Милик (87)
«Сассуоло» (5): Берарди (11), Капуто (19), Локателли (22), Бога (32), Мюльдюр (86)
«Верона» (8): Амрабат (8), Пессина (40), Кумбулла (50), Велозу (53), Лазович (70), Дзакканьи (77), Фараони (83), Ди Кармине (99)
«Фиорентина» (4): Рибери (16), Миленкович (28), Кастровилли (49), Кьеза (81)
«Парма» (3): Кулусевски (9), Корнелиус (60), Жервиньо (82)
«Болонья» (3): Барроу (56), Паласио (62), Сориано (80)
«Удинезе» (4): Де Поль (35), Муссо (39), Фофана (43), Лазанья (93)
«Кальяри» (6): Наингголан (15), Жоао Педро (34), Краньо (37), Нандес (55), Симеоне (67), Рог (78)
«Сампдория» (2): Квальярелла (92), Габбьядини (95)
«Торино» (3): Сиригу (12), Белотти (20), Ансальди (98)
«Женоа» (1): Пандев (94)
«Лечче» (3): Фалько (64), Лападула (88), Манкозу (89)
«Брешия» (2): Тонали (75), Торрегросса (96)
СПАЛ (1): Петанья (97)

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид