Ўзбекистон | 09:41 / 04.08.2020
11756
2 дақиқада ўқилади

Турдимов Самарқандда ўн минглаб иш ўрни борлигини айтди

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов қатор соҳаларда мавжуд бўлган вилоятдаги иш ўринлари ҳақида аҳолига маълумот берди.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги

«Пандемия шароитида фуқаролар томонидан «иш йўқ» деган жуда кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Шу кеча кундузда Самарқанд вилоятида биргина қурилиш соҳасида 8,5 мингдан кўпроқ вакант иш ўрни бор. Мисол учун, «ENTER Engineering» компаниясида 4100та (ойлик маоши 1,5 миллиондан 5 миллион сўмгача), «AGROMIR BUILDINGS» қурилиш корхонасида 1200та (ойлик маоши 1,5 миллиондан 3 миллион сўмгача) иш ўрни бор. Уларда ишчилар ётоқ жой ва иссиқ овқат билан таъминланади. Шунингдек, вилоятдаги текстил ва енгил саноат корхоналарида 3,5 мингдан кўпроқ бўш иш ўрни мавжуд».

Вилоят ҳокими яна қатор корхоналардаги иш ўринлари ҳақида бирма-бир санаб ўтди.

«Вилоятда бугунги кунда 78 минг гектар майдонда экилган такрорий экинларни парваришлаш учун 10 мингдан зиёдроқ ишчи кучига талаб мавжуд.

Бундан ташқари, 754 нафар ўқитувчи-педагог ходимлар, 648 нафар соғлиқни сақлаш тизимининг турли йуналишларида олий маълумот талаб этиладиган бўш иш ўринлари бор. Бу жойларга айниқса, олий таълим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашиши мақсадга мувофиқ бўларди. Йил охиригача вилоятда 21 минг 800та янги иш ўрни яратилади.

Шу билан бир қаторда жорий йил якуни билан ижтимоий ҳимояга муҳтож «Темир дафтар»даги фуқароларга шахсий томорқа хўжаликларида енгил конструкцияли иссиқхона, уруғлик, кўчатлар ҳамда суғориш воситаларини харид қилиш учун 16,5 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратиш ҳисобига 3 351 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади», деди Турдимов вилоят ҳокимлигида ўтказилган брифингда.

Ҳоким ишга жойлашиш истагида бўлган фуқаролар шаҳарлар ва туманлардаги аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилишларини сўради.

Мавзуга оид