Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (ҚХРХЖ) президенти Ж.Унгбо «Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш» лойиҳасининг 2-босқичи доирасида 47 миллион АҚШ доллари миқдорида молиялаштириш тўғрисидаги Битимни видеоконференцалоқа шаклида имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Битим шартларига мувофиқ, ҚХРХЖ 46,2 миллион доллар миқдоридаги узоқ муддатли имтиёзли қарз маблағларини, шунингдек, 800 минг доллар миқдоридаги грант маблағларини ажратади.
Лойиҳа Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудларида амалга оширилиши режалаштирилган. У қуйидаги қатор таркибий қисмлардан иборат:
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасининг салоҳиятини ошириш, Ўзбекистон ишбилармон аёллари ассоциацияси, Балиқчилик уюшмаси, Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик илмий-тадқиқот институти фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий халқаро сифат ва хавфсизлик стандартларини жорий этиш учун агросаноат корхоналари ва фермерларнинг кредит мажбуриятларини кафолатлаш бўйича имкониятларини кенгайтириш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини молиялаштириш;
кредит маҳсулотларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига қишлоқ жойларда ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш;
қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, экин майдонларининг ҳосилдорлигини ва сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш мақсадида суғориш тизимлари, метеорологик станциялар ва бошқа инфратузилма объектларини замонавийлаштириш.
Шунингдек, лойиҳада замонавий иссиқхоналар, интенсив боғлар барпо этиш, экологик тоза ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни механизациялаштириш даражасини ошириш, Фарғона водийси вилоятларида қайта ишлаш қувватлари ва омборхоналар сиғимини кўпайтириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, қишлоқ жойларда қўшимча юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш натижасида меҳнат унумдорлиги ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ошириш ҳисобига лойиҳа ҳудуднинг 375 мингдан ортиқ аҳолиси даромадларининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
















