Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотлар базаси (регистр) меҳнат органлари томонидан яратилади ва параллел равишда ЯММТда шакллантириладиган жисмоний шахснинг шахсий ишга жойлашиши тарихига интеграция қилинади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланишга ҳамда тадбиркорлик субъектларига ёлланган ходим сифатида меҳнат фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан меҳнат фаолияти доимий яшаш манзилида ёки ишлар (хизматлар) буюртмачиларига тегишли жойларда амалга оширилади (деҳқон бозорларидаги савдо расталари ва павильонлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ажратилган махсус жойлар бундан мустасно).
Ташкилотлар томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома асосида бир марталик хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қилишга йўл қўйилади. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш ижтимоий солиқни ҳисоблаб чиқиш объекти ҳисобланмайди.
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган фуқаро Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига ишсизга тўланадиган ишсизлик бўйича нафақани ҳамда касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш даврида стипендияни ололмайди.
Ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи татбиқ этилмайди. Бунда, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолиятидан ташқари олинган даромадлари Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиққа тортилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахс махсус мобиль илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали рўйхатдан ўтади.
Бунда, ўзини ўзи банд қилган шахс томонидан махсус мобиль илова ёки шахсий кабинет орқали сўровнома тўлдирилади.
Сўровномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
- ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), рўйхатдан ўтказиш электрон рақамли имзо орқали амалга оширилган ҳолатлар бундан мустасно;






